Наманганда 60 минг гектарда сув тежовчи технология жорий қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Наманган вилоятининг имкониятларини ишга солиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Вилоят Норин ва Сирдарёдан сув олади, 2 та магистраль канал ва 9 та сув омбори мавжуд. Лекин, Наманганнинг гидроэнергетикадаги салоҳияти ишга солинмаган эди.
Кеча Норин дарёсида ГЭСлар каскади қурилишига старт берилди. Бу ерда 228 мегаваттли 6 та станция йилига 1 миллиард киловатт электр чиқаради. Келгуси йилда Катта Андижон каналида 51 мегаваттли «Қўғай-1,2», «Бешқўрғон-1,2» кичик ГЭСлар каскади ҳам ишга тушади.
Шу йили Попда 1 минг мегаваттли 2 та қуёш электр станцияси барпо қилинади. Бу ҳам 2,2 миллиард киловатт электр, дегани.
Натижада вилоят ўз эҳтиёжини тўлиқ қоплаб, йилига 2,5 миллиард киловатт электр экспорт қилади.
Президент қишлоқ хўжалиги тармоқларига алоҳида тўхталди.
Наманганда сув манбалари сероб бўлгани билан, сув тежовчи технологияларни биринчи навбатда шу ҳудудда жорий қилиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Жорий йилда 60 минг гектарда сув тежовчи технологияни жорий қилиш ва 40 минг гектарни лазерли текислаш юзасидан мутасаддиларга кўрсатма берилди.
Шунингдек, вилоятдаги каналларни бетонлаш, «Чоркесар», «Заркент» ва «Испарон» сув омборларини қуриш, «Чуст» ва «М-2» каналини таъмирлаш масалалари кўриб чиқилди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг