Наманганда 2 631 қути сифатсиз тамаки маҳсулотларининг савдога чиқарилиши тўхтатиб қолинди
Мингбулоқ туманида акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини савдога чиқарилишининг олди олинди. Бу ҳақида Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Унда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Мингбулоқ тумани бўлими ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида қонунга хилоф равишда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган М.Ю.нинг «Lacetti» русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилган.
Текширув давомида автотранспорт воситаси салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган 17 турдаги жами 2 631 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотларини сотиш мақсадида Наманган шаҳрига олиб кетаётганлиги аниқланган.
Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу шахснинг хонадонидан яна 130 қути акциз маркасиз тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг