Наманганда 19 миллион сўмдан зиёд маош оладиган ўқитувчилар бор
Замира Ҳамидова Наманган туманидаги 15-умумтаълим мактабининг 24 йиллик тажрибага эга француз тили фани ўқитувчиси. У ўзи таълим бераётган ҳар бир ўқувчининг, албатта, мукаммал билим олиши ва муносиб натижага эришиши керак, деган мақсад билан ишлайди, изланади, шу йўлда ташаббусларга интилади. Олий малака тоифасига эга муаллима C1 сертификати, вазир ҳамда директор жамғармаларидаги қўшимча устамалар билан биргаликда айни пайтда 19 млн 300 минг сўм ойлик маош олаётир. Кейинги пайтларда унинг сабоғини олган 20 дан зиёд ўқувчи Европанинг нуфузли олий таълим даргоҳларида таҳсил олмоқда.
Яна бир тажрибали муаллима — Косонсой туманидаги 18-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Нигора Эгамованинг интилишлари ҳам ибратга лойиқ. Ўз фани бўйича Туркиядаги симпозиум иштирокчиси, ўндан зиёд таржималар муаллифи, TESOL, TEFL, APTIS каби халқаро ва CEFR миллий сертификатига эгасининг 20 дан ортиқ шогирдлари IELTS дан 6,5 баллик натижага эришган.
2022 йилда Президент соврини учун ўтказилган “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида у ишлаётган таълим даргоҳи туманда 3-ўринга лойиқ топилиб 50 миллион, 2023 йилда худди шу танловда 1-ўринни қўлга киритиб, 100 миллион сўм пул мукофотига эга бўлди. Айни пайтда 19 миллион 800 минг сўм маош олаётган Нигора жорий йилнинг март ойида АҚШнинг Флорида штатида бўлиб ўтадиган бутунжаҳон инглиз тили фани ўқитувчиларининг халқаро конференциясида иштирок этиш учун тайёрланмоқда.
— Меҳнат ва изланишларига яраша юқори маош олиб ишлаётган муаллимларимиз сафи тобора кенгайиб бормоқда, — дейди Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Музаффар Исаев. — Айни пайтда ойига 12 миллион сўм ва ундан кўпроқ иш ҳақи олаётган 70 нафардан зиёд фан ўқитувчиларимиз фаолияти бунга мисол.
Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг