“Наманган ЭИЗ”да уч минг нафарга яқин иш ўринлари яратилди

19:40 26 Октябр 2023 Жамият
195 0

Фото: “Халқ сўзи”

“Ўзбекистон-2030 стратегияси”нинг иккинчи устувор вазифаси бўлган “Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш” вазифалари доирасида Наманган эркин иқтисодий зонасида қиймати 675,4 млн. долларлик 29 та лойиҳани амалга ошириш ва 11088 та янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.

Бу ерда тадбиркорлик субъектларининг ўз бизнесларини муваффақиятли йўлга қўйиши учун зарур инфратузилма ва ишлаб чиқариш шароитлари яратилган бўлиб, ҳозирга келиб қиймати 79,0 млн. долларлик тўртта лойиҳа ижросини топди. Фаолият бошлаган субъектларда 2950 киши меҳнат қилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида ЭИЗда жойлашган корхоналар томонидан 384,6 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Улар томонидан бажарилган экспорт амалиётлари ҳажми 17,4 млн. долларни ташкил этди.

Куни кеча бу ерда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030» стратегиясини 2023 йилда сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти билан таништириш мақсадида ҳудудда тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган инвесторлар иштирокида ўқув семинар ташкил этилди. Унда ЭИЗга хорижий сармоядорлар ҳам кириб келаётгани, хусусан, 279,3 миллион доллар қийматидаги 11 та лойиҳа ижросига қизиқиш билдирган Нидерландия, Хитой, Туркия ва Покистон давлатлари компаниялари билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида ҳам сўз юритилди.

— Минтақадаги эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарига жойлаштирилаётган истиқболли лойиҳалар ижроси маҳаллий иқтисодиёт ривожига муносиб ҳисса бўлиб қўшилмоқда, —дейди вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бош мутахассиси Қобилжон Иномов. – Буни, жумладан, жорий йилнинг тўққиз ойида вилоятда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 14,8 триллион сўмдан ортиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоиз ўсишга эришилганида кўриш мумкин. Ушбу ҳажмда кичик бизнеснинг улуши 37, 6 фоизга етди.

                                                                    Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер