Наманган давлат университетида «Логомарказ» очилди

16:09 28 Февраль 2025 Жамият
299 0

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ/«Халқ сўзи». Таълим тизимида муҳим ўрин тутадиган янги марказнинг асосий вазифаси болаларнинг нутқ ривожланишида юзага келадиган муаммоларни бартараф этиш ҳамда уларнинг интеллектуал ва маънавий камолотини таъминлашга кўмаклашишдан иборат. Бу гапиришга қийналадиган ўғил-қизларнинг нутқ нуқсонларини бартараф этиш, психик ва жисмоний ривожланишни қўллаб-қувватлашда педагоглар ва ота-оналарга кўмак берувчи коррекцион машғулотлар ташкил этиш орқали амалга оширилади.

Айни жараёнда чекка ҳудудлардаги мактабгача таълим ташкилотлари ва умумтаълим мактабларида бошланғич синф ўқувчиларининг фанлар бўйича ўқув дастурларини ўзлаштиришларига тўсқинлик қилувчи нутқ нуқсонларининг олдини олиш ва уларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратилади. Болаларнинг жисмоний ва психик ривожланишидаги камчиликларни аниқлаш ва уларни коррекциялаш бўйича мутахассислар ёрдамида индивидуал ёндашув асосида иш олиб борилади.

— «Логомарказ»ни ташкил этишнинг аҳамиятли томони шундаки, мактабгача ва мактаб таълими тизимида болаларнинг ривожланишига тўсқинлик қиладиган асосий омилларни аниқлаш ва уларни бартараф этишда муҳим ўрин тутади, — дейди университет педагогика кафедраси мудири Дилмирза Иномов. — Унинг кўмаги билан ўқувчилар ўзларининг нутқ салоҳиятини тўлиқ намоён этиш имкониятига эга бўлади. Ота-оналар ва педагогларга ҳам болаларнинг нутқий ривожланиши учун зарур кўникма ва билимлар берилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер