Музқаймоқ таъмига «гарантия», сифатигачи?

13:33 16 Август 2024 Жамият
507 0

Элёр ҲАЙДАРОВ/«Халқ сўзи». Бу йил ёз жуда иссиқ келди. Одамлар ўзини соя-салқин жойларга уради. Ёзнинг учинчи ойи яримлади ҳамки, иссиқ тафти пасаймади. Шундай қуёшли кунларда иссиқ тафтдан ҳимояланишнинг бир йўли бу музқаймоқ тановул қилишдир. У ёзнинг энг севимли егуликларидан бири саналиши бежиз эмас, чунки ундаги ширин таъм ва салқинлик кишининг иссиқдан ҳориган вужудини тетиклаштиради.

Айни кунларда ҳам кўча-кўйлару дўконларда музқаймоққа талаб ортган, бозори чаққонлашган. Шу боис музқаймоқ турлари ҳам кўпайиб, улар орасидаги сифат тафовути ҳам юзага келмоқда.

Биз севиб истеъмол қиладиган музқаймоқ асосан сут маҳсулотидан тайёрланиши сабабли тез ўзгарувчанлик хусусиятига эга. Шунинг учун ҳам уни доим совуқ ҳароратда сақлаш талаб этилади. Агар иссиқлик таъсирида музқаймоқ эриса, қайтадан музлатиб, истеъмол қилиш мумкин эмас. Чунки жараён давомида музқаймоқнинг таркиби ўзгариб, бактерияларни ўзига жалб қилиш хусусияти ортади. Афсуски, бугун кўчада рухсат этилмаган идишларда музқаймоқ сотиш ҳолатлари кузатилмоқда. Табиийки, музқаймоқ солинган идишлар музлаткич имкониятига эга эмас. Шу сабабли ичидаги маҳсулотни етарли даражада салқин ва сифатли сақлаб беролмаслиги ҳам бор гап.

— Бугунги кунда йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқлар кўпайди, — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошқарма бошлиғи Жуман Тўйчиев. — Охирги пайтларда ана шу маҳсулотлардан истеъмолчиларнинг заҳарланиш ҳолатлари юзага келмоқда. Кўча-кўйда сотилаётган музқаймоқ солинган аксарият идишлар бугунги кунда санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Бундай пластик идишларни эса кимёвий усулда зарарсизлантириш имконияти ҳам мавжуд эмас. Заҳарланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат рейд тадбирларини олиб бормоқдамиз. Маҳсулотлардан назорат таҳлили олганимизда кўчада сотилаётган музқаймоқ таркибида стафилококк бактерияси аниқланди. Қайд этиш жоизки, кўп ҳолларда стафилококк иккиламчи инфекцияларнинг ривожланишига сабаб бўлади. Патоген стафилококк тушган сут ва сут маҳсулотлари: торт, музқаймоқ ва бошқа озиқ-овқатларни истеъмол қилганда киши заҳарланиши мумкин.

Йўл-йўлакай сотилаётган музқаймоқларнинг қачон ва қаерда, қандай шароитда ишлаб чиқарилгани, таркиби, сақлаш муддати ҳамда шароити тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ. Шунингдек, бу маҳсулотни сотаётган сотувчилар махсус кийим-бош билан таъминланмаган ва уларнинг тиббий кўрикдан ўтгани тўғрисида махсус юритиладиган дафтари ҳам мавжуд эмас. Талабга кўра маиший хизмат кўрсатувчи корхоналар, савдо шохобчалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси билан шуғулланадиган ходимлар ҳар олти ойда тиббий кўрикдан ўтиб туришлари зарур.

Дарҳақиқат, иссиқ тафтини олувчи музқаймоқни харид қилиш жараёнида аҳоли маҳсулот солинган идишнинг ички санитар ҳолатини кўрмасдан истеъмол қилиши мумкин. Шу боис маҳсулотни харид қилиш жараёнида махсус қадоқ ва ёрлиқларга эга, музлаткичларда сақланаётган, барча маълумотлари қадоқда кўрсатилган музқаймоқларни сотиб олиш мақсадга мувофиқ. Унутмаслик керакки, номаълум шароитда тайёрланган, сифат кўрсаткичлари санитария талабларига мутлақо жавоб бермайдиган маҳсулотлар ошқозон-ичак фаолиятини бузиб, инсон саломатлиги билан боғлиқ нохуш ҳолатларни келтириб чиқаради.

Табобат отаси Гиппократ музлатилган мева шарбати ва қиёмини кайфиятни кўтарувчи ҳамда организмни тетиклаштирувчи маҳсулот сифатида тавсия этган.

— Музқаймоқ асаб, нерв ва ошқозон-ичак фаолиятининг бир маромда кечишида фойдали, аммо бу маҳсулотни тайёрлашда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш жуда зарурий омилдир, — дейди Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси Овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Олим Султонов. — Аввало, сут маҳсулотининг қаердан олиб келингани, ветеринария экспертизасидан ўтиб, маълумотномага эга бўлганми, шунингдек, эпидемиологик вазияти яхши сигирлардан олинганми, шуларга диққат қаратиш даркор. Музқаймоқни тайёрлаганда, албатта, зарур технологик жараёнларга амал қилиш, шахсий гигиена қоидаларини қатъий бажариш керак. Агар ишчи-ходимлар юқори нафас касалликлари — тонзиллит, гайморит, стоматит билан кассаланган бўлса, бу ишчиларни вақтинчалик ишдан озод этиб, даволангандан кейин қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бундан ташқари, қўлида тери-кассаликлари ва панариций бўлса, бундай ходимларни ҳам ишдан белгиланган тартибда четлаштириш зарур. Шу боис ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотини тайёрлаганда ходимлар санитария-гигиена қоидаларига амал қилишлари талаб этилади. Хусусан, тозаликни сақлаш бўйича ишчилар орасида тез-тез профилактика тадбирларини ўтказиб туриш зарур. Тозалик ошқозон-ичак касалликларининг олдини олишда энг самарали ва қулай усулдир.

Серқуёш ўлкамизга ёз чилласию куз ойлари бошида ҳам музқаймоқ истеъмолига талаб бор. Ғилдиракли аравачаларда санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайдиган тадбиркорлар кўпайиб қолгани ҳеч кимга сир эмас. Ҳозирги кунда қаерга қараманг, қўлбола музқаймоқларнинг кўчма аравачалар билан юрувчи сотувчиларини учратасиз.

Хўш, улар юқорида сўралган талабларга қанчалик жавоб бера олади? Қўлбола усулда тайёрланган музқаймоқлар соғлиғимизга зарарли эмасми? Масъуллар бу ҳолатни ўрганиб, тегишли тавсиялар беришса, айни муддао бўларди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер