Мусиқа дўстликни мустаҳкамлайди
Ўзбекистон давлат консерваториясида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда “Ўзбекистон — Латвия” ҳамда “Ўзбекистон — Литва” дўстлик жамиятлари томонидан машҳур латиш бастакори Эмилис Мелнгайлис ижодига бағишланган “Мусиқа — дўстликни мустаҳкамлайди” маданий анжумани ўтказилди.
— Эмилис Мелнгайлис ижодида Ўзбекистон жуда катта ўрин тутади, — дейди Латвия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Михаил Попковс. — У 1914 — 1920 йилларда Тошкентда яшаб, ижод қилган. Ўзбек халқ қўшиқларини ўрганган, уларга ишлов берган. Шунинг учун унинг ижодида Ўзбекистон мавзуси алоҳида аҳамиятга эга.
Тадбирда консерватория қошидаги “Хор капелласи” томонидан Э. Мелнгайлис ижодидан намуналар ижро этилди.

— Бастакор ўзбек халқ куйларини жуда яхши кўрган, — дейди Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси раиси, профессор Рустам Абдуллаев. — Нафақат ўзбек, балки кўплаб дунё халқларининг миллий куйларига қизиққан ва ўн мингга яқин халқ куйларини жамлаб, китоб чоп этган.
Бу каби маданий анжуманлар нафақат инсонни санъатга чорлайди, балки ёшларни улуғ ижодкорларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга, уларнинг ёрқин хотираларини авайлаб, келажак авлодга етказишга ундайди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган хорижий мамлакатлар элчихоналари ҳамда республикамизда фаолият юритаётган жамоат ташкилотлари вакиллари, санъаткорлар ва устоз бастакорлар ҳамда талаба ёшлар қатнашди.
Юлдуз Ўрмонова (“Халқ сўзи”).
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг