Мурожаатчи адолатсизлик олдида ёлғиз эмас

18:31 24 Январь 2024 Жамият
528 0

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 1-умумтаълим мактабида фаолият юритган Нилуфар Турсуновани устама тўловлари масаласи ташвишлантириб қўйди. Гап шундаки, муаллима ўзига тегишли ҳақни ололмай анча сарсон бўлди. Охир-оқибат вилоят адлия бошқармасига мурожаат қилди.

— Ўрганиш шуни кўрсатдики, фуқаро Нилуфар Турсунова ҳақиқатдан ҳам устама пулини ололмай келаётган экан, — дейди вилоят адлия бошқармаси масъул ходими Бекзод Раҳмонов. — Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 майдаги “Иқтидорли ёшларни аниқлаш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу муаллима лавозим маошига ҳар ой юз фоизлик устама тўланиши керак эди. Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, Фуқаролик ишлари бўйича Ғиждувон туманлараро судига даъво аризаси киритилди. Суднинг тегишли ҳал қилув қарорига асосан, даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилиб, фуқарога 106 миллион 721 минг сўм миқдорида устама тўловлари ундирилиши белгиланди.

Шу тариқа адолат қарор топди. Мурожаатчи сансалорлик, адолатсизлик олдида ўзининг ёлғиз эмаслигини ҳис этди.

— Мурожаатлар қай бир маънода фуқароларнинг кайфиятини намоён этадиган барометрдир, — дейди вилоят адлия бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ш. Баҳронов. — Қолаверса, ўз ҳақ-ҳуқуқини билган киши қонунбузарлик ҳолатларига муросасиз бўлади. Бошқармамиз ва туман ҳамда шаҳар адлия бўлимларига 2023 йил давомида 5449 та ариза, шикоят ва таклифлар келиб тушди. Мурожаатларнинг 5053 таси ҳал этилди. Ўтказилган ўрганишлар ва мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 1016 та тақдимнома, маъмурий жавобгарликка тортиш юзасидан 855 та таклиф ва 1732 та огоҳнома киритилган.

Тақдимномаларга асосан интизомий жавобгарликка тортилган шахслар сони 331 нафарни ташкил қилган. 873 нафар киши эса маъмурий жавобгарликка тортилган.

Бу каби факт ва далиллар вилоят адлия бошқармаси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида алоҳида қайд этилди. Журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олдилар. Бошқарма ва ОАВ ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга оид таклифлар ҳам ўртага ташланди.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер