Мурожаат, мулоқот ва ечим
Фото: Халқ сўзи
Сурхондарё вилояти Ангор тумани «Шарқ гули» маҳалласида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Эркин Нарманов ҳамда туман ҳокими Шоҳжахон Абдуллаев иштирокида сайёр қабул ўтказилди. Унда фуқароларнинг газ ва ичимлик суви таъминоти, йўлларни таъмирлаш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредит, моддий ёрдам олиш ҳамда ишга жойлашиш каби масалалар билан боғлиқ 80 дан ортиқ мурожаатлари тингланди.
— Тикувчилик йўналишида тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида имтиёзли кредит олиш бўйича бугун амалий ёрдам сўраб мурожаат қилдим, — дейди фуқаро Турдихол Алиева. — Менга 30 миллион сўм миқдорида кредит ажратиладиган бўлди. Насиб этса, ўз бизнес-режамни амалга ошириб, яна икки маҳалладош аёлни иш билан таъминлашни кўзлаб турибман.

Сайёр қабулда мурожаатларнинг аксар қисми жойида ҳал этилди. Мурожаат ечими учун вақт, маблағ талаб қиладиган масалалар алоҳида назоратга олинди.
Таъкидлаш жоизки, 4-сектор раҳбари томонидан жойларда ўтказиб келинаётган бу каби сайёр қабул ва учрашувлар аҳоли муаммоларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва уларни кечиктирмай бартараф этиш имконини бермоқда. Жумладан, ўтган йили сайёр қабуллар ва аҳоли билан бевосита мулоқотлар давомида биргина Ангор туманининг 4-секторга бириктирилган маҳаллалардаги 1 минг 124 та оилага тегишли моддий ёрдамлар кўрсатилиб, 404 та оиланинг доимий даромад манбаи шакллантирилди. Ижтимоий инфратузилмани яхшилаш мақсадида кўчаларга тош-шағал ётқизилиб, йўллар асфальт қилинди. 36 та янги электр устунлари ва 2 та янги трансформатор ўрнатилиб, 4 таси жорий таъмирдан чиқарилди. 12 километр масофага газ қувури тортилди.
Илҳом Раҳматов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг