Муҳаммад Юсуфни суймаган ким бор...

18:08 25 Апрель 2022 Жамият
1221 0

Фото: Халқ сўзи

Ўтган асрнинг сўнгги чорагида ўзбек адабиётига чақмоқ мисол кириб келган Муҳаммад Юсуф ҳаёт бўлганида, эртага 68 ёшга тўларди. У гарчи қисқа умр кечирган бўлсада, ўзининг бетакрор шеърлари билан миллионлаб мухлисларнинг, бутун халқимизнинг юрагига кириб улгурди. Шоирнинг дилбар ашъори, қўшиққа айланган сеҳрли мисралари давраларда ҳамон жаранг сочмоқда.

Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги 58-умумтаълим мактаби ўқувчилари томонидан шоир таваллуд куни муносабати билан ўтказилган адабий кечада ҳам ана шу каттаю кичикка ёд бўлиб кетган, унутилмас сатрлар яна бир бор янгради.

Аслида Муҳаммад Юсуфнинг шеърини ёд олмаган, уларга басталанган қўшиқларни севиб хиргойи қилмайдиган ёшларни топиш қийин. Мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти муаллималари Нигора Муродова ҳамда Муқаддас Рустамова, кутубхоначи Муқаддас Қўчқорова ташаббуси билан ташкил этилган хотира тадбирида адабиёт, шеъриятга ихлоси баланд бўлган ўқувчиларнинг чиқишлари орқали бу ҳақиқат ўз тасдиғини топди. Иштирокчилар, айниқса, 5»А»- синф ўқувчиси Мушарраф Абулҳаеванинг жонли ижросидаги «Ўзбек аёллари» қўшиғини жон дилдан тингладилар.

— Мактабимизда фаолият кўрсатаётган «Умид ниҳоллари» адабий тўгарагига қирққа яқин бадиий ижодга мойил ўқувчилар уюшган, — дейди таълим маскани директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Рустам Йўлдошев. — Муҳаммад Юсуф сингари оловқалб шоирларимиз шеърияти уларга маёқ бўлгусидир. Кўпчилиги адабий машқларини маҳаллий матбуот, ёшлар ва болалар нашрларида чоп эттиришга ҳам улгуришган. Бугун Ўзбекистон халқ шоирини ёдга олиб ўтказилган мушоира ўқувчиларимизда унутилмас таассуротлар қолдиргани шубҳасиз.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер