“Муҳаббат деб келдим дунёга”
Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон агар ҳаёт бўлганида қутлуғ 80 ёшга кирган бўларди.
Халқимизнинг севимли шоири ўзидан салмоқли ижодий мерос қолдирди. Унинг “Очиқ деразалар”, “Карвон қўнғироғи”, “Қуёш соати”, “Драматик достонлар”, “Ёнаётган дарахт”, “Ярадор чақмоқ”, “Ҳаққуш қичқириғи”, “Сени яхши кўраман”, “Дарахтлар ва гиёҳлар”, “Минг бир ёғду”, “Ўртамизда биргина олма”, “Одамнинг сояси қуёшга тушди”, “Қуш йўли”, “Иймон ёғдуси”, “Дийдор азиз”, “Халоскор руҳ” каби йигирмага яқин шеърий тўпламлари, “Тўрабекахоним” насрий қиссаси ва “Нажмиддин Кубро”, “Ардахива” бадиалари китобхонлар қўлига етиб борган.
Шоир битикларида инсонга, ҳаётга, ижодкор юраги қўним топган Ватанга бўлган муҳаббати, садоқати, эҳтироми яққол сезилиб туради.
Аминмизки, Омон Матжоннинг кўнгилларга йўллаган мактублари — шеърлари асрлар давомида одамларга инсоний туйғулардан дарс бериб туради.
САВОЛЛАР ОРАЛИҒИДА
Умр нима – фаришталар нозил салтанат,
Бу – икки тахт, яъни икки елка ораси.
Ва ҳурларни кўп чалғитиб пойлайди фурсат
Юрагимга кирмак учун шайтон боласи.
Куй нимадир, ҳофизимнинг ёнмоғи недин,
Қўшиқ балки фалаклардан келган мўъжиза?!
Қалб ва симнинг аросинда нима яширин,
Мадад бўлсин Худо берган овоздан бизга!
Иймон недир, не белги бор унинг туғида,
Руҳим ноқис хуружлардан бўлурми холи!
Иймон – нафс ва жаҳолатнинг оралиғида
Битта мева тугаётган умид ниҳоли.
Миллат ўзи нима дерсиз, қуёшми ё ой,
Кимди анов сарсон-гурсон юрган одамлар?!
Миллат, бу – халқ ўз қалбини илғаб олган жой,
Ва келажак гўдак каби туғилган дамлар!
Ватан нима? Жуғрофия дарси якуни –
Она ердан топган ноёб мисолларимдир?!
Ватан – икки улуғ дарё оралиғини
Безовта ва хуш тўлдирган саволларимдир.
* * *
Ўқий олмас бўлдим китоблар,
ҳарфлар кўзга аранг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар,
сўзлар достонидан кетиб.
Чаман кезсам энди тинчим йўқ,
на капалак, на ранг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар
гуллар бўстонидан кетиб.
Оқшом кўзни юмсам ҳам шу ҳол,
кўкда ялт-юлт бир жанг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар,
юлдуз осмонидан кетиб.
Муҳаббат деб келдим дунёга,
ошиққа ер-кўк танг кўринар,
фақат сенинг чеҳранг кўринар,
дунё ҳар ёнидан кетиб.
Омон МАТЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг