Муаммолар секторлар иштирокида бартараф этилмоқда

19:14 09 Август 2021 Жамият
753 0

Ҳасан ПАЙДОЕВ - “Халқ сўзи” 

Давлатимиз раҳбарининг “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида юртимизнинг шаҳар ва туманлари, қишлоқ ҳамда овулларидаги муаммолар секторлар фаолияти орқали бартараф этиляпти. Давлат идоралари халқ билан яқинлашиб, тизимли мулоқотлар олиб борилаётир.

Бахмал тумани 2-сектор ҳудудига Қутлуғобод, Нушкент, Ойқор, Темирқадам, Бахмал, Ўрмончи ва Музбулоқ каби еттита маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғини қамраб олган.

Сектор ҳудудида жами 6075 та хонадон мавжуд бўлиб, мазкур хонадонларда яшовчи 36 минг 946 нафар аҳолидан 9292 нафарини ёшлар ва 10 минг 656 нафарини аёллар ташкил этади.

Президентимиз томонидан илгари сурилган ислоҳотлар асосида мамлакатимизда эҳтиёжманд оилалар, ёрдамга муҳтож фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди.

Бугун “темир дафтар”, “аёллар дафтари” ва “ёшлар дафтари” муаммолар ечимида қўл келаётир.

— Бугунги кунга қадар секторимизда истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилалардан 419 таси “темир дафтар”га киритилиб, шундан 415 та оила ёхуд уларнинг 99 фоизига ўзларининг яшаш шароити учун етарли маблағга эга бўлган иш билан таъминлаш орқали, моддий кўмак ҳамда бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилиши натижасида дафтар рўйхатидан чиқарилди, — дейди Бахмал туман прокурори, 1-даражали юрист Фаррух Бегабоев. — Ҳозирги кунда “темир дафтар” рўйхатида ёлғиз қария, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда доимий тиббий ҳимояга муҳтож оилалардан 5 нафари қолган ҳамда уларга доимий равишда амалий ёрдамлар кўрсатиб келинмоқда.

Туман прокуратураси томонидан “темир дафтар”га киритилган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиб, камбағалликни қисқартириш борасида самарали ишлар олиб борилаётир.

— Қарамоғимда тўрт нафар вояга етмаган фарзандим борлиги, оилавий шароити оғирлиги ва 2-гуруҳ ногиронлигим сабабли “темир дафтар”га киритилганман, — дейди туманнинг Бахмал ҚФЙда яшовчи фуқаро Бахтиёр Ҳайдаров. — Пандемия сабабли озиқ-овқат маҳсулотларини доимий равишда олиб турдим. Яшаш учун уйимиз йўқлиги сабабли сектор раҳбари ҳомийлигида ҳашар йўли билан 3 хонали уй қуриб берилди. Ҳовлимизга доимий фойдаланиш учун иссиқхона қурилиб берилиши, бизга доимий иш ўрнини яратиш имконини берди. Биз бундан жуда хурсандмиз.

Жорий йилнинг биринчи ярмида 2-сектор ҳудудида истиқомат қилиб келаётган 10 минг 656 нафар аёлнинг муаммолари уйма-уй юриш орқали ўрганилганда 148 нафарининг ҳақиқий ёрдамга муҳтожлиги аниқланиб  “аёллар дафтари”га киритилди.

Уларнинг ўзларига муносиб иш ва яшаш шароити учун имкониятлар яратилиши натижасида аксарияти “аёллар дафтари”дан чиқарилди.  Шунингдек, туманнинг 2-сектор ҳудудида истиқомат қилувчи 324 нафар ёшлар “ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, уларнинг 140 нафарига доимий иш ўринларига жойлаштиришда амалий ёрдамлар кўрсатилган.

— Анча йиллардан буён ишсиз эдим. Сектор раҳбарига учрашдим ва бор дардимни тўкиб сочдим, — дейди “Ўрмончи” МФЙда яшовчи фуқаро Мирбобо Сангиров. — Орадан бир ҳафта ҳам вақт ўтмай, ишга муҳтожлигим, “ёшлар дафтари”га киритилганим ҳисобга олиниб, ўз мутахассислигим бўйича “ASL MARS MO`ZIJASI” масъулияти чекланган жамиятига ишга жойлашдим.

Шунингдек, сектор томонидан тумандаги 61 нафар ёшга тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун кредит ажратилишида амалий ёрдамлар берилган.  Бундан ташқари, сектор раҳбари ташаббуси билан “Қутлуғобод” маҳалла фуқаролар йиғинига замонавий маҳалла фуқаролар йиғини биноси қурилди. Кўп йиллардан буён таъмирталаб бўлиб қолган йўли таъмирланди, 834 метр йўлга асфалт ётқизилди.

Айтиш мумкинки, секторлар қишлоқларда яшовчи аҳоли билан давлат ташкилотлари ўртасида очиқ мулоқотлар ташкил этиш имконини берди. Натижада фуқароларни узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган масалалари ва муаммолари қисқа муддатларда ҳал этилмоқда. Очиқ ва ошкора мулоқотлар ўз самарасини бермоқда.

 

Толибжон ЭРГАШЕВ
“Халқ сўзи”
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер