Мўйноқ кун сайин чирой очмоқда
Кенг кўламли қурилиш-ободонлаштириш ишлари амалга оширилаётган Мўйноқ тумани тобора кўркамлашиб бормоқда. Бунда фойдаланишга топширилаётган объектлар муҳим омил бўлмоқда. Куни кеча ана шундай объектлардан бир нечаси фаолиятини бошлади.
Хусусан, янгидан қурилган “Future Muynak” ахборот технологиялар маркази ва “Вookcafe” кутубхонаси туман ёшлари ҳаётига янада мазмун бахш этди. Зеро, ушбу муассасаларда компьютер технологияларини ўрганиш ҳамда замонавий адабиётларни мутолаа қилиш учун барча қулайликлар яратилган.
Янгидан ишга туширилган электр тармоқлари мажмуаси ҳам ён-атрофга кўрк бағишламоқда. Уч қаватли офис, хостел, интернет кафе ва овқатланиш марказини ўз ичига олган мазкур замонавий мажмуа тармоқ ходимлари учун катта совға бўлди.
Галдаги объект “Сурхон қуёши” болалар боқчаси. Уни Сурхондарё вилоятидаги “Сурхон саноат қурилиш” компанияси мўйноқликларга туҳфа сифатида бунёд этишди. Ушбу етмиш ўринли боқча болажонларнинг севимли масканига айланиши шубҳасиз.
Болалар мусиқа ва санъат мактаби ҳамда “Орол денгизи тарихи” музейи ҳам янгидан қад ростлади. Янги мусиқа мактаби 150 ўқувчига мўлжалланган бўлиб, икки қаватли ўқув биноси, муҳташам концерт зали, ёзги эстрада бўлимига эга. Бу ерда ўқувчилар саккиз йўналиш бўйича таҳсил олади. Эски кемалар йиғилган ўринда қурилган музейда эса Орол денгизининг ўтмиши, турфа қушлари, балиқлари ҳақидаги маълумотлар, тарихий фотосуратлар ва рассомларнинг ижод намуналаридан баҳраманд бўлиш мумкин.
Ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда, аждодлар тарихини билишда янгидан бунёд этилган “Мотамсаро она” ёдгорлик мажмуаси муҳим омил бўлади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига ёдгорлик сифатида қурилган мажмуада урушдан қайтиб келмаган 1320 нафар мўйноқликларнинг номлари битилган.
Шунингдек, туман халқ таълими бўлимининг икки қаватли янги иморатида ходимлар учун барча қулайликлар яратилди.
Албатта, ушбу объектлар туман кўркига кўрк қўшиш баробарида одамлар турмушини яхшилаш, уларни иш билан таъминлаш, ёшларнинг билим олиши, ҳунар ўрганишида муҳим аҳамиятга эга.
Ҳидоят АҲМЕДОВ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг