Миришкорлик ўқувчилар энди мактабда касб-ҳунар ҳам ўрганишади

18:32 04 Сентябр 2023 Жамият
535 0

Фото: “Халқ сўзи”

Маълумки, мактабни тамомлаган ўқувчиларнинг бир қисми ўзи хоҳлаган йўналиш бўйича олий ўқув юртига кириб, ўқишни кейинги босқичда давом эттиради. Қолганлари эса ишлаши, бирор-бир касб-ҳунар билан шуғулланиши ҳаёт талаби.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилиб, ўқувчиларнинг мактаб давридаёқ аниқ бир касб-ҳунарни пухта ўзлаштириши учун шарт-шароитлар яратилмоқда.

Фото: “Халқ сўзи”

Хусусан, 2023/2024-ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактабларида ўқувчиларни касб-ҳунарга ўргатиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу борада республика бўйича 208 та умумий ўрта таълим муассасаси танлаб олинган бўлиб, уларда 10-11-синф ўқувчилари ўз қизиқишидан келиб чиққан ҳолда касб-ҳунар ҳам ўрганишади.

Миришкор туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида ҳам янги ўқув йили муассасада ташкил этилган касб-ҳунарга ўргатиш марказининг тантанали очилиш маросими билан бошланди.

Марказда ўқувчиларнинг 10 та касб-ҳунар ва қўшимча 2 та хорижий тилларни ўрганиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Фото: “Халқ сўзи”

— Жумладан, марказда ўқувчиларга эркак ва аёллар сартароши, чорвачилик, гулчилик, пазандачилик, тикувчилик, гиламчилик, электр монтёр ва пайвандчилик ҳамда немис ва инглиз тилларидан дарс берилади, — дейди мактаб директори Ҳалим Исоқов. — Айни пайтда ҳудуддаги малакали мутахассислар билан меҳнат шартномалари тузилиб, улар марказга мураббий сифатида ишга жалб этилмоқда.

Марказнинг тантанали очилиш маросимида туман сектор раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер