Миришкорда хориж технологияси асосида йирик интенсив боғ ташкил этилмоқда
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Миришкор туманининг Зафар маҳалласи ҳудудидаги 30 гектар ер майдонида интенсив боғ ташкил этилмоқда.
— Айни пайтда Туркия давлатидан 25 минг донадан ортиқ интенсив олма кўчатлари олиб келиниб, экилди, — дейди лойиҳа ташаббускори бўлган «Амир Оқмачит чорвадори» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ҳаким Ҳайитов. — Бу кўчатлар тез ҳосилга кириши билан ҳам ажралиб туради. Шунга кўра, 2025 йилдан боғимиздан ҳосил ола бошлашни мақсад қилганмиз.
Миришкор тумани ҳокими ўринбосари, туман инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи Шоҳжаҳон Тўраевнинг айтишича, интенсив боғ ташкил этиш лойиҳанинг биринчи босқичи. Кейинги босқичларда эса шу ернинг ўзида мевани сақлаш ва қайта ишлаш билан боғлиқ лойиҳалар амалга оширилади.
— Жумладан, 2025 йилга қадар тадбиркор 3 минг тонналик замонавий совуткичли сиғим қуришни режалаштирган, — дейди у. — Шунингдек, қиймати 1 миллион долларни ташкил этадиган қайта ишлаш корхонаси ҳам қурилади. Айни пайтда тадбиркор билан ҳамкорликда лойиҳанинг кейинги босқичларини амалга ошириш устида ҳам ишлаяпмиз.
Эътиборли жиҳати, лойиҳа тўлиқ ишга туширилгач, 50 та доимий, 150 та мавсумий иш ўринлари яратилиши ҳамда йилига 800 минг долларлик мева-сабзавот экспорти амалга оширилиши прогноз қилинган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг