Мингбулоқда ҳам ДХМ замонавий бинога кўчиб ўтди

15:22 17 Ноябрь 2021 Жамият
567 0

Фото: "Халқ сўзи"

Ташкил этилганидан буён мослаштирилган жойда фаолият кўрсатиб  келган Мингбулоқ тумани давлат хизматлари маркази учун барпо этилган янги бино бугун ўз эгаларига тантанали суръатда топширилди. У давлат-хусусий шериклик асосида қуриб битказилган тўрт қаватли замонавий иморатнинг биринчи қаватида жойлашган.

Айтиш керакки, бугунги кунда тизим ходимлари томонидан  аҳолига кўрсатилаётган давлат хизматлари тури 160 дан ортиқ бўлиб, янги бинода яратилган шарт-шароит ва имкониятлар иш сифатини янада оширади. Жумладан, бу ерда вилоятда биринчилар қаторида  эшитиш қобилияти чекланган шахсларга онлайн сурдо таржима хизмати   йўлга қўйилди. Янги фарзанд кўрган ота-оналар эса композит хизмат тури афзалликлари эвазига туғилганлик гувоҳномаси, суюнчи пули олиш ва фарзандини мактабгача таълим ташкилотига навбатга қўйиш амалиётларидан бир пайтнинг ўзида фойдаланаётганидан мамнунлик изҳор этишмоқда.

Бинонинг тақдимот  маросимида ўнга яқин фуқароларга туғилиш, бир нафар оилага никоҳ гувоҳномалари топширилди. Бундан ташқари бир қатор  ногиронларга  махсус аравача ва ҳассалар тақдим қилинди.

- Бугунги кунга келиб 11 та шаҳар ва туман ДХМлари шу сингари замонавий биноларга эга бўлди,-дейди Давлат хизматлари агентлиги  Наманган вилоят бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фозилжон Жўрабоев.- Яқин вақт  ичида сўнгги туман – Косонсойдаги  марказ  ҳам  ана шундай имкониятдан баҳраманд бўлади.

Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган даврида Мингбулоқ туманида аҳолига 128,4 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2153 та кўпдир.

      Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер