Миллий тараққиётнинг ойдин йўли

11:46 22 Апрель 2021 Жамият
4795 0

Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида янги давр бошланди. Биз миллий тараққиётнинг навбатдаги иккинчи босқичига дадил қадам қўйдик. Бу даврнинг стратегик мақсади, кутиладиган натижалар, жамият ва одамларни янгича дунёқарашда шакллантириш йўллари ҳамда усуллари ҳақида нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам кўплаб илмий мақолалар, муносабатлар эълон қилинмоқда.

Бугунги тараққиёт йўлимизнинг мазмун-моҳияти ҳақида фалсафа фанлари доктори, профессор Саъдулла ОТАМУРАТОВ қуйидаги фикрларни билдирди.

Жаҳон мамлакатларининг ривожланиш тажрибаси

Бугунги кунда «ўтиш даври» тушунчаси, унинг нимадан бошланиб, муҳлат нуқтаи назаридан поёнига етиши масаласи сиёсат фалсафасида ўта долзарб жиҳатлардан биридир.

Унинг долзарблиги шундаки, биринчидан, бу ўта мураккаб босқич бўлиб, уни босиб ўтмай туриб биронта мамлакат тараққиётга эриша олмайди.

Иккинчидан, ўтиш даври бошланганидан кейин, уни тўхтатишнинг ёки орқага қайтишнинг имкони қолмайди.

Учинчидан, ўтиш даврига хос яна бир муаммо борки, у ҳам бўлса, ишлаб чиқилган модель реал ҳаётни ўзида ифода эттирадими ёки йўқми, унинг амалиётга татбиқ қилиниши натижа бериш ёки бермаслигининг аниқ бўлмаганидир. Чунки ички ҳаётда объектив ҳамда субъектив омиллар таъсирида кутилмаган муаммолар содир бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шунинг учун моделни ишлаб чиқишда реал имкониятлар, вазият, шарт-шароитларни ҳисобга олиш ва реал ҳаётга татбиқ қилишда сиёсий, иқтисодий ҳамда маънавий-маърифий омилларга нисбатан ўта ҳушёрлик талаб этилади.

Тўртинчидан, ўтиш даврининг барча мамлакатлар учун умумий бўлган андозаси йўқ, бўлиши ҳам мумкин эмас.

Ўтиш даврининг муҳлатлари ҳам кўпчиликни бирдай қизиқтиради. Бугун юксак тараққиёт даражасига кўтарилган Европа давлатларининг барчасида тараққиётнинг классик модели шаклланиб, у 200 — 250 йилни қамраб олди. Ана шу даврда бу давлатлар турли зиддиятлар, қарама-қаршиликлар, фуқаролар урушлари ва инқирозларни ҳам бошидан кечирди. Бу жараёндаги энг муҳим жиҳат шу бўлдики, ана шу даврда юз берган барча ҳолатга ҳокимият ҳамда фуқаролар мослашиб, «пишиб» борди.

Тарихий ва замонавий тенденциялар

Мустақиллик йилларида миллий тараққиётимизни шартли равишда икки босқичга: 1991 — 2016 йиллар ва 2016 йилдан то бугунги кунгача давом этаётган даврларга ажратиш мумкин. Таъбир жоиз бўлса, ҳар иккала давр ҳам ўзига хос мураккабликларга эга. Биринчи босқичнинг мураккаблиги миллий-маънавий тикланиш мустақилликни асраб қолиш билан боғлиқ кечди. Айни пайтда миллий тараққиёт учун зарур бўлган назарий асосни яратишни ҳам тақозо этди.

Ўрни келганда шуни таъкидлаш керакки, баъзи таҳлилларда босиб ўтилган ривожланишнинг биринчи босқичига қора чизиқлар тортиб, жараёнга объектив баҳо бермаслик ҳолатлари мавжуд. Бу мураккаб йиллар «инқирозлар» даври бўлган бўлсада, ўта чигал, машаққатли, айни ўзига хос давр сифатида тарихимиз саҳифаларига муҳрланди. Бугун Президентимизнинг оммавий ахборот воситалари (ОАВ)нинг ошкора фаолият кўрсатишига кенг йўл очиб бергани, илмий тадқиқотларда тарихимизга объектив ёндашишга имконият яратилгани тараққиёт йўлимизга нохолис муносабатларни миллатимиз менталитетидан тезроқ чиқариш борасида зиёлиларни жипслашишга, якдиллик билан ҳаракат қилишга ундамоқда.

Аввало, айтиш жоиз, инсоният миллат, мамлакат ва жаҳон тараққиёти босқичларини қарайдиган бўлсак, улар қанчалик равнақ топмасин, тамаддунларни (цивилизацияларни) яратмасин, барчасида ўзига яраша камчиликларга йўл қўйилганлигини кўрамиз. Камчилик йўқ экан, демак тараққиёт ҳам бўлмайди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қилар эканмиз, демак, ривожланиш учун дадил интилишдамиз. Камчилик истиқболни белгилашга ва бу йўлда ҳаракат қилиб тараққиётга эришишга ёрдам беради. Инсоният шу тариқа ривожланиб келган, бу қонуниятни инкор этиб бўлмайди. Фақат ўз вақтида англаш, уни кўра билиш ва холислик билан ёндашишгина тараққиётга хизмат қилади. Шу маънода, мустақилликка эришганимиздан кейинги босиб ўтилган биргина босқичга ана шу нуқтаи назардан қараш тўғри бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Миллий тараққиётимизнинг биринчи босқичидаги ютуқларимиз ҳақида фикр юритганда, аввало, мустақилликни асраб қолишимиз, бошқа юртларда содир бўлган инқилобларни бошдан ўтказмаганимиз, давлат ва миллатимизнинг дунёвий тараққиёт йўлини танлаб, унинг амалга ошиши учун зарур бўлган заминни яратганимиз, мавжуд имкониятимиз даражасида халқимизнинг урф-одат, анъана ҳамда қадриятларини ривожлантирганимиз, дунё миқёсида таҳликали вазиятлар кучайган шароитда мамлакатимиз тинчлигини таъминлайдиган миллий армияни ташкил қилганимиз ва -бошқа бир қатор ютуқларни эътироф этиш жоиз.

Тўғри, ушбу вазифаларни амалга оширишда камчиликлар ҳам содир бўлди. Улар ҳам табиий ҳолат билан боғлиқдир. Чунки Ўзбекистон ўзининг мустақил тараққиёт йўлини, илгари ҳаётида босиб ўтилмаган бутунлай янги йўлни танлади. Унинг ҳали қандай самара беришини ҳеч ким айта олмас эди.

Энг асосийси, йўл қўйилган камчиликларнинг салмоғи қанчалик катта бўлмасин, дунё харитасида Ўзбекистон, деган мустақил давлатнинг пайдо бўлганлиги ва унинг ўзини ўзи ички ҳамда ташқи ёвуз кучлардан ҳимоя қилиб, кейинги тараққиёт босқичига замин ҳозирлагани бўлди.

Шу ўринда яна бир муҳим масала ҳам борки, уни ҳисобга олмасдан туриб, мустақил тараққий қилиб бўлмайди. У ҳам бўлса, юксак тараққиётга эришган давлатларнинг бой тажрибаларидан қай даражада фойдаланиш масаласи. Айтиш лозимки, у мамлакатларнинг биронтаси иккинчисининг «модели»ни айнан кўчирмаган, ҳар бири ўзига хос сўқмоқлардан юриб, катта йўлга чиқиб олган. Мустақил йўлида жуда кўп зиддиятлар, қарама-қаршиликларни кечирган. Ушбу масалага яна қайтишимизнинг сабаби шундаки, бугун Ўзбекистондаги айрим назариётчи ва амалиётчилар: «Нима кераги бор, яна аравани кашф қилиб, бор аравадан фойдаланиб, тараққий қилишимиз керак», деган фикрда етакчи мамлакатларнинг тажрибасини «ёппасига» қабул қилиш ҳақидаги ғояларга ёпишиб олган. Бизнингча, дўппини бошдан олиб, чуқур ўйлаган ҳамда таҳлил қилган ҳолда, мамлакат нима ҳисобига тараққиётга эришгани ва нимани бой бергани, уларни истиқболда қандай муаммолар кутаётгани ҳақидаги қарашларни ўрганиб чиқиш миллий тараққиётимиз учун амалий аҳамият касб этади.

Бугунги глобал муаммолар пайтида тараққиётга эришган Ғарб мамлакатларининг ҳозирда инқирозга юз тутганлигини кўпгина сиёсатчилар, давлат арбоблари, етук олимлар эътироф этмоқда. Уларнинг фикрлари америкалик таниқли олим Патрик Бъюкененнинг «Ғарбнинг ҳалокати» номли фундаментал асарида ёрқин ифодасини топган.

Бу маълумотларни келтиришдан мақсад шуки, ривожланган давлатларда ҳозирги кунда биздаги кўп масалалар — урф-одатлар, анъана ва қадриятларнинг биронтаси йўқ, биз ҳам улардан воз кечмасдан ривожлана олмаймиз, деган фикрларни оммалаштиришга ҳаракат қилаётган айрим «мутахассислар», «назариётчилар» ҳамда «амалиётчилар» борлигига эҳтиёткорлик билан ёндашиш лозимга ўхшайди.

«Ўз армиясини боқа олмаган давлат, ўзгалар армиясини боқади», деган нақл бор. Бу нақлни миллий тараққиётимиз нуқтаи назаридан олганда, Ғарбнинг тажрибаларини ёппасига, «бор-барака»сига қабул қилсак, истиқболда юксак ривожланишга эришишимиз мумкин. Аммо бугунга келиб, уларнинг бошига тушган, ўз миллатидан, такрорланмас маънавий-ахлоқий қадриятларидан маҳрум бўлиши, оломонлашуви миллатимизнинг ҳам бошига тушиши муқаррарлашади. Бунинг олдини олишнинг ягона йўли эса ўз йўлимизни у нечоғли мураккаб, зиддиятли бўлмасин, танлашимиз ва уни амалга оширишда қатъий туришимиз лозим. Гап дунё халқлари ўз тараққиётлари жараёнида эришган ютуқлардан бутунлай воз кечиш ҳақида кетаётгани йўқ, балки уларнинг миллатимиз ривожи учун хизмат қиладиган тажрибаларидан фойдаланган ҳолда, миллатимизнинг емирилиши, ўзлигидан маҳрум бўлиб қолишидан эҳтиёт бўлишимиз, ҳар биримиз бугунги таҳликали ҳамда шиддатли ўзгараётган замонда халқ ва Ватан тақдирига масъулиятли эканлигимизни ҳеч қачон эсдан чиқармаслик ҳақида бормоқда.

Миллий тараққиётимизнинг иккинчи босқичини 2016 йилдан белгилаб, таҳлил этадиган бўлсак, Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимига киришганидан кейинги дастлабки кунларда «миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз», деган концептуал ғояни стратегик вазифа қилиб белгилади. Яъни аввалги йўлни инкор қилмади, балки уни давом эттириб, янги босқичга кўтариш — миллий тикланишдан миллий юксалиш сари одимлаш вазифасини илгари сурди.

Иккинчи босқич вазифалари

Иккинчи босқичда қўлга киритилган ютуқларимиз ҳақида фикр юритганда ушбуларни эътироф этиш мумкин:

Биринчидан, Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев босиб ўтилган биринчи босқични инкор этмасдан, мураккаб муаммоларни ҳал қилишда ўзига хос камтарлик, оқиллик ҳамда жасоратни намоён этди, айни пайтда истиқболдаги миллий тараққиётимиз стратегияси ҳақидаги ғояларини аниқ ва асосли равишда олға сурди ҳамда унинг янги босқич эканлигига эътиборни қаратиб, масъулиятни тўла ўз зиммасига олди.

Иккинчидан, ушбу босқичда йўл қўйилган камчиликларни чуқур таҳлил қилиб, тараққиётимизнинг янги босқичи учун зарур бўлган назарий асосларни ишлаб чиқиш эҳтиёжи туғилди. Ўз ¬навбатида, белгиланган вазифаларни амалга ошириш жараёнига халқимизни кенг жалб қилишдек ўта мураккаб вазифани ҳал этиш керак бўлди. Айни пайтда ижро механизмларини ишлаб чиқиш зарур эди, боз устига ҳали собиқ шўролар ҳукмронлиги давридан ва тараққиётнинг биринчи босқичида тўпланиб келаётган муаммоларга аниқлик киритиш ҳамда уларнинг ечимларини топиш ¬талаб қилинар эди. Очиғини айтганда эса ¬муаммоларни ҳал этиш борасида сезиларли ютуқларга эришилди. Улар ҳақида хорижий оммавий ахборот воситаларида ҳам бот-бот ёзилмоқда.

Биринчи навбатда, Президентимиз халқимизга сўз ҳамда матбуот эркинлигини, уларнинг ўз дарди, хоҳишлари ва муаммоларини эмин-эркин кўтариб чиқиш имкониятини яратиб берганлиги катта жасорат намунаси эди. ОАВ ҳамда Халқ қабулхоналарида юртдошларимиз йиллар давомида ҳаётида тўпланган муаммоларини очиқчасига ифода этди. Уларни босқичма-босқич ҳал қилишга киришилди. Шу маънода, миллий тараққиётимизнинг иккинчи босқичини демократия сари ташланган чин маънодаги қадам бўлди, дейиш мумкин.

Демократия — машаққатли жараён. У берилмайди, балки ҳокимият ҳамда фуқароларнинг фаол иштирокида шаклланади, ривожланади ва такомиллашади. Шу боис унга ҳар икки томон, нафақат мойил бўлиши, балки «чидай билиши» керак. Яъни бир томондан, ҳокимиятнинг шаклланиши учун шароит ¬яратилиши ҳамда сиёсий жараёнда юзага келадиган норозиликлар, қарама-қарши фикрларни «мардларча» тинглай билиши ва уларни бартараф этишга кучларни йўналтириши, иккинчи томондан, фуқаролар ҳам яратилган имкониятлардан тўғри фойдаланиб, «ташқаридан» маслаҳат берувчиларнинг йўл-йўриқларига кўра эмас, ўз миллати, халқи ҳамда Ватани манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, фаоллик кўрсатиши талаб этилади.

Иккинчи босқичдаги энг долзарб вазифалардан бири — миллий тараққиёт истиқболини таъминловчи илмий-назарий концепцияни ишлаб чиқиш, унинг рўёбига оид механизмларни ишга тушириш ва халқимизнинг фаол иштирокида руҳиятига янги босқичдаги вазифалар кўламидан келиб чиқиб илҳом бағишлашдир. Бу жиҳатдан Президентимизнинг учинчи Ренессанс асосларини яратиш борасидаги ўта муҳим, айни пайтда, мураккаб ҳамда шарафли вазифани кун тартибига қўйганлиги ниҳоятда тўғри бўлди. Демак, миллат ва халқ манфаатларини ўзида жамлаган улкан вазифалар олдимизда турибди.

Ўз ўрнида айтиш лозимки, орамизда ҳокимият бошқарувининг замонавий услубларидан айрим маҳаллий раҳбарларнинг бехабарлиги ва юртимизда камбағалликда ҳаёт кечираётган аҳолининг мавжудлиги шароитида учинчи Ренессанс ҳақида фикр юритиш тўғримикин, деган саволни бераётганлар ҳам топилади.

Таъкидлаш жоиз, Марказий Осиёда содир бўлган тамаддунларнинг биронтаси ҳам фуқаролар фаровон яшаган, ҳокимиятда барқарор бошқарув тизими ишлаган даврда содир бўлмаган. Уларнинг барчаси жамиятда қарама-қаршилик ва муаммоларнинг мавжудлиги, қарашлар ранг-баранглиги давом ¬этаётган бир шароитда рўй берганлигини тарихий маълумотлар тасдиқлайди.

Мисол учун, Хоразмда IX — XII асрларда содир бўлган биринчи Ренессанс тарихига назар солсак, буюк бобомиз Абу Райҳон Берунийнинг ёзиб қолдиришича, V — VII асрларда ўлкани босиб олган араблар, лашкарбоши Қутайба ибн Муслим ал-Бахилий Хоразмийларда мавжуд бўлган фанларни ўрганган кишиларни йўқ қилган ва уларни азобларга дучор этган, сўнгра хаттотларни йўқотган, дин пешволарини ўлдирган, китоблар ҳамда қўлёзмаларни ёқиб юборган, натижада хоразмликлар керакли барча билимни фақат хотираларида сақлашга мажбур бўлган. Шунда маърифатпарвар Ал-Маъмун ташаббуси ҳамда фаол ҳаракати билан Ренессанснинг асоси бўлган Маъмун академияси 1004 йилда ташкил этилди. Академия атиги ўн уч йил (1004 — 1017) фаолият кўрсатди ва XI асрда Марказий Осиёнинг биринчи Ренессанс марказига айланишини таъминлади. Ўз халқининг истиқболини ўйлаган маърифатпарвар Хоразмшоҳ Маъмун академиясини тузган ва олимларни қўллаб-қувватлаган. Олимлар амалга оширган кашфиётлар эса ўн аср давомида бутун инсониятга хизмат қилиб келмоқда, ўзбек халқининг жаҳон миқёсидаги нуфузини дунёга тараннум этмоқда.

Бу тарихий маълумотларни келтиришимиздан мақсад, бугун Президентимиз томонидан учинчи Ренессанс асосларини яратиш ҳақидаги ғояларнинг ўз вақтида қўйилган вазифа эканлигини яна бир бор таъкидлашдан иборат. Агар бугун мавжуд муаммоларни ҳал қилганимиздан сўнггина тамаддун ҳақида бош қотирамиз, деган фикрга келсак, битта жойда депсиниб туришдан, муаммолар кўламининг янада кенгайишидан нарига ўта олмаймиз.

Бизнингча, Ренессанс асосларини яратиш қуйидаги мураккаб вазифаларни ўз ичига олади: илм, маърифат ва маънавиятни юксак даражада ривожлантириш учун катта маблағ талаб этилади; бу маблағларни ўзлаштирадиган замонавий тафаккур салоҳиятига эга бўлган, фидойи тадқиқотчилар ва етук тарғиботчилар армиясини шакллантириш зарур бўлади; илм, фан ва маърифат соҳасида қўлга киритилган натижаларни мамлакат тараққиётига, миллат ҳамда халқ фаровонлигини таъминлашга йўналтира биладиган таваккалчи тадбиркорлар ва ноанъанавий услубга эга бош¬қарувчиларга зарурат туғилади.

Бугунги кунда бу вазифаларни амалга ошириш имконияти мавжуд. Фақат уларни ташкил қилиш, йўналтириш ва илҳом бағишловчи мотивларни ишлатиш кутилган натижа учун таянч бўлади. Энг асосийси, Президент миллий тараққиётимизнинг бугунги мураккаб босқичида Ренессанс асосларини яратиш вазифасини кун тартибига қўйди, илм-фан аҳли, тадқиқотчилар, бутун зиёли қатлами, ташкилотчи ҳамда ижрочиларнинг фаолиятларини мамлакатимиз ва миллий тараққиётимизни таъминловчи вазифаларни бирлаштирган ягона ҳалқадаги масалалар ечимига қаратиш ҳақидаги концептуал ғояни илгари сурди. Унинг моҳият ҳамда мазмунини тўғри англаган ва таҳлил қилган ҳолда реал ҳаётимизга татбиқ этиш бутун халқимизнинг бир тан, бир жон бўлиб меҳнат қилиши туфайли кутилган самараларни беради, деб ҳисоблаймиз.

Хулоса ўрнида

Халқимиз қадриятига айланган, асрлар силсиласида ўз тасдиғини топган «оққан дарё оқмай қолмас», деган нақлнинг яна бир бор ўз тасдиғини топиши бугунги авлодимизнинг куч-қудрати, иродаси ҳамда интеллектуал салоҳиятига боғлиқ. Назаримизда, қўйилаётган бу мураккаб ва айни пайтда шарафли вазифани ҳал этишнинг бошланишида қуйидаги учта вазифа турибди:

Биринчидан, таълим тизимидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишни умуммиллий даражага кўтариш, бунинг учун мамлакатимизда ҳар ойнинг маълум кунини Ўзбекистонда мактаблар куни сифатида белгилаш, ўша кунда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят ҳамда туман ҳокимлари раҳбарлигидаги гуруҳ мактабларга ташриф буюриб, таълим муассасасидаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимларини топиш борасида фаолият олиб бориши мақсадга мувофиқдир.

Иккинчидан, белгиланадиган ҳар қандай вазифани адо этиш учун, аввало, жамият аъзоларининг онгини унда қўйилаётган вазифалар кўлами ва эҳтиёжларига монанд ўзгартириш талаб этилади. Онг ўзгармас экан, энг олижаноб мақсадлар қоғозда қолиб кетаверади. Онг эса қуруқ гап билан ўзгармайди. Бунинг учун, уни ўзгартиришга туртки берадиган ғоялар илгари сурилиши ҳамда уларнинг ижроси натижалари фуқаролар ҳаётида оз-оздан бўлса ҳам ўз ифодасини топиши лозим. Афсуски, мамлакатимизда бу тиғиз жараённи ўрганадиган, таҳлил қиладиган ва амалий тавсиялар ишлаб чиқадиган илмий-амалий марказлар йўқ.

Ўзбекистонда кечаётган ижтимоий-сиёсий жараёнларни ўрганадиган олимлар ва ёш тадқиқотчилар авлодини шакллантиришга эҳтиёж ошиб бормоқда. Улар миллий, интеллектуал онгимиз ҳамда салоҳиятимизнинг ривожланиш тенденцияларини ёки уларга тўсиқ бўладиган омилларни ўрганиб, ечимларига оид илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш вазифасини адо этишади. Шу боис Фанлар академиясида Фалсафа ва социология институтини ташкил қилиш мақсадга мувофиқ.

Учинчидан, мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий ва маънавий жараёнларда «об-ҳаво»ни ташкил қиладиган ¬асосий куч — зиёлилар! Улар халқ ичидан етишиб чиққан, унинг «иссиқ-совуғи»ни яхши англайдиган ҳамда унга қайишадиган, керак бўлса, тараққиётга туртки бериб турувчи ижтимоий қатламдир. Айни пайтда, Президентимиз олға сураётган мамлакатимизда Ренессанс асосларини ¬яратишдаги авангард ва етакчи куч ҳам айни зиёлилардир. Бугун давлатимиз томонидан уларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аммо уларнинг фаоллиги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш эҳтиёжидан орқада қолаётир.

Бу муаммони ечишда уларни қўллаб-қувватлашни, нуфузини оширишни изчиллик билан давом эттириш, халқимиз билан алоқаларини мустаҳкамлаш омилларини ишга солиш, илмий тадқиқотлар олиб бораётган олимлар, тадқиқотчилар ҳамда мутахассисларнинг соҳалар бўйича бошини қовуштириб турадиган янги давлат ва жамоатчилик марказларини ташкил қилиш ҳамда фаолият юритиши учун шарт-шароитларни жонлантириш ҳам қўйилаётган вазифаларни амалга оширишга ўзининг ижобий таъсирини ўтказган бўлар эди.

Илгари сурилаётган фикрларимизнинг хотимаси шуки, Президентимиз томонидан мамлакатимизда учинчи Ренессанснинг асосларини яратиш ҳақидаги ғоя миллий тараққиётимизни янги босқичга кўтаришнинг назарий негизи бўлиб хизмат қилади. Унинг мамлакатимиз аҳолиси, ёшлари ҳамда илм аҳлига илҳом бағишловчи моҳияти ва мазмунини умуммиллий ғоя сифатида тарғибот ҳамда ташвиқот қилиш, фуқароларимиз, хусусан, ёшлар онги ва дунёқарашининг ажралмас қисмига айлантириш тараққиётимизнинг бугунги иккинчи босқичидаги стратегик вазифа бўлиб қолиши лозим.

Бахтиёр ОМОНОВ
(«Халқ сўзи») ёзиб олди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер