Миллий сайлов тизимида янги давр бошланди

10:49 18 Февраль 2021 Жамият
2565 0

Янги Ўзбекистонда фуқароларнинг сиёсий фаоллиги, яратувчанлик руҳида яшаши ҳаёт тақозоси, ижтимоий заруратга айланиб улгурди. Бугунги кунда фуқароларимиз нафақат ислоҳотларнинг фаол иштирокчиси, балки ташаббускорига айланиб бормоқда.

Сайловлар ана шундай фаол фуқаролик позициясини намоён этишнинг муҳим воситаси, демократик тизимнинг устунларидан бири ҳисобланади. Сайловлар орқали фуқаролар жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этадилар, давлат органларини демократик тарзда шакллантиришга ўз хоҳиш-иродаларини билдириш орқали қатнашадилар.  

Юртимизда сайлов қонунчилиги бошқа соҳа каби жамият ва давлат эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда изчил равишда такомиллашиб бормоқда. Асосийси, бу ислоҳотларнинг барчаси халқимиз ва биз яшаётган мураккаб даврнинг ўткир талабларидан келиб чиққан ҳолда амалга ошириляпти. Бунда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси дастуриламал бўлаётир.

2019 йил 25 июнда Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган халқаро стандартларга мос бўлган ва жамиятимиздаги барча сиёсий нуқтаи-назарларни ўзида акс эттирган янги Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг амалиётга жорий этилиши миллий сайлов тизимида янги даврни бошлаб берди.

2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтган сайловларнинг янги қабул қилинган Сайлов кодекси асосида ташкил этилганлиги бу жараённи умумэътироф этилган халқаро стандартлар, принциплар асосида демократик, очиқ-ошкора ўтказилишида муҳим омил бўлди. Сайлов жараёнлари каби уни тартибга солувчи қонунчилик ҳам динамик равишда такомиллашмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилган “Бу муҳим сиёсий кампания янги Ўзбекистон шароитида сайловчиларимиз, барча фуқароларимизнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданияти, дунёқараши, гражданлик позицияси юксалиб бораётганини яна бир бор намоён этади, деб ишонаман”, деган фикрлари билан жорий йилги сайловлар мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллик тўйи нишонланаётган муҳим тарихий даврда юртимизнинг демократик ислоҳотлар йўли ортга қайтмаслигини тасдиқловчи муҳим омил бўлишига ишонч билдирди.

Яқинда қабул қилинган “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бу борада муҳим асос сифатида хизмат қилади.

Мазкур қонун 2020 йилги Давлат дастурида белгиланган вазифалар, шунингдек, миллий ва халқаро экспертлар тавсиялари, илғор халқаро тажриба асосида кенг жамоатчилик фикрини инобатга олинган ҳолда қабул қилинганлигини қайд этиш зарур.

Қонун мамлакатимиз сайлов қонунчилигини бир қатор йўналишларда такомиллаштиришга хизмат қиляпти.

Сайловлар барча учун мақбул бўлган санада ўтказилади

Конституциямизнинг 117-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — яъни, декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилар эди.

Миллий сайлов тажрибамиздан келиб чиқиб сайловларни ўтказиш вақтини бошқа муддатга ўзгартириш бўйича таклифлар узоқ йиллардан буён кўплаб экспертлар, кенг жамоатчилик томонидан билдирилаётган эди.

Қайд этиш жоизки, сайловларнинг декабрь ойида ўтказилиши бир қанча ноқулайликларни келтириб чиқараётган эди.

Биринчидан, мамлакатимиз юртимиз иқлими континентал бўлиб, айнан сайлов жараёнининг қировли қиш фаслига тўғри келиши сабабли номзодлар ва сиёсий партиялар ўз сайловолди ташвиқоти ва тадбирларини кенг миқёсда ўтказишга, чекка ҳудудлардаги сайловчилар билан мулоқот қилиш ва ҳаракатланишда турли ноқулайликлар келтириб чиқараётганди.

Мазкур ислоҳот узоқ ҳудудларда жойлашган сайлов участкаларида фаолият олиб борадиган ходимлар, айниқса, хотин-қизларнинг билим ва амалий кўникмаларини ошириш бўйича  турли семинар-тренинглар ташкил этишда юзага келиши мумкин бўлган ноқулайликларнинг олдини олиши билан ҳам аҳамиятлидир.

Иккинчидан, ҳар йиллик режаларни ҳаётга татбиқ қилиш йил бошидан бошланишини инобатга олсак, сайловларнинг декабрь ойи охирида ўтказилиши, шунингдек, такрорий овоз беришлар ва сайлов натижаларининг эълон қилиниши каби босқичларни инобатга олсак янги йилнинг илк ойи ҳам сайлов ва унга оид оид жараёнлар билан ўтиб кетишига сабаб бўлаётганди.

Бунинг натижасида янги шаклланган парламент ва ҳукуматнинг фаолият бошлаши ўз-ўзидан янги йилга ўтиб кетади ва бу эса тегишли йилга мўлжалланган давлат дастурининг қабул қилинишининг кечикишига сабаб бўлиши мумкин.

Маълумот учун қайд этиш зарурки, Франция ва Швейцария каби кўплаб ривожланган давлатлар парламентлари ўз миллий “Қонунчилик календари”га эга. Мазкур институт орқали янги шаклланган парламент ва ҳукуматнинг аниқ дастурий ҳужжат асосида янги календарь йилидан ҳеч қандай узилишларсиз фаолиятини амалга ошириш имконини беради.

Учинчидан, сайловларнинг декабрь ойи охирида ўтказилиши биз таклиф этадиган халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлардан ташриф буюрувчи кузатувчилар учун вақт нуқтаи назаридан ноқулайликлар туғдираётган эди. Чунки, сайловларни ўтказиш вақти “Рождество” ёки Янги йил байрамлари арафасига тўғри келиб қолиши халқаро кузатувчилар ва нуфузли экспертларнинг вақт тақвимига таъсир қилиши табиий эди.

Бу борада хорижий тажриба ҳам мазкур ислоҳотни амалга ошириш заруриятини яна бир бор тасдиқлайди. Хусусан, иқлими иссиқ бўлган жанубий ярим шар давлатларида (Масалан, Гана, Миср, Нигерия, ЖАР, Жазоир, Венесуэла, Доминика, Сан Марино) сайловлар декабрь ойида ўтказилади.

Яна бир мисол. АҚШ, Швейцария, Испания, Уругвай, Чили, Босния, Иордания, Молдова каби Ўзбекистон билан иқлим шароити ўхшаш бўлган давлатларда эса сайловлар октябрь-ноябрь ойларида бўлиб ўтади.

Сайловларни ўтказиш муддатининг декабрь ойидан октябрь ойига кўчирилиши келгусида сайлов жараёнининг барча иштирокчилари, яъни сайловчилар, номзодлар, сиёсий партиялар, комиссия аъзолари ва кузатувчилар учун қулайликлар келтириб чиқаради. Шунингдек, халқаро кузатувчи ва экспертларнинг мамлакатимиз ҳаётидаги ғоят муҳим сиёсий жараёнда фаол иштирокини таъминлаш халқаро ҳамжамиятнинг юртимиздаги сиёсий янгиланиш жараёнлари хусусида холис ахборотга эга бўлиши ва мамлакатимиз ижобий имижини шаклланишига муҳим омил бўлиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу эса ўз навбатида, юртимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида давом этаётган очиқлик сиёсатига салмоқли ҳисса бўлиб қўшилади.

Маҳаллий сайлов комиссиялари фаолияти оптималлаштирилди

Кўп йиллик сайловга оид тажрибамиз шуни кўрсатмоқдаки, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари ва уларнинг самарадорлиги ўзини оқламаяпти.

Таҳлилларга кўра, ҳар бир округ ўртача 1-3 та сайлов участкалари доираси билан чекланган бўлиб, амалиётда бир неча йиллардан бери самарасиз фаолият юритиб келмоқда эди. Бундан ташқари, ишнинг бу шаклда ташкил қилиниши Давлат бюджетига қўшимча харажатларни кўпайтириши табиий. Янги киритилган қонунчилик нормасига асосан, 54 минг 208 нафардан зиёд аъзодан иборат 5 минг 739 та округ сайлов комиссиялари тугатилди ва натижада 33,2 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинади.

Ҳар бир округ сайлов комиссиясида етти нафардан ўн беш нафаргача аъзолар фаолият юритишини инобатга оладиган бўлсак, республика бўйича 54 минг 208 нафар фуқароларимиз бевосита комиссия аъзоси сифатида жалб этилган.

Бу эса барча округ сайлов комиссияси аъзоларига сайлов кампанияси даврида сайловга ажратилган маблағлар ҳисобидан уч ой давомида ўртача ойлик иш ҳақи тўлаш, комиссия биносини жиҳозлаш ва бошқа харажатлар учун давлат бюджетидан тегишли миқдорда маблағ ажратилишини англатади.

Қонун билан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари институти тугатилди ва уларнинг ваколатлари туман (шаҳар) сайлов комиссиялари зиммасига ўтказилди.

Туман ва шаҳар сайлов комиссияларига қўшимча вазифалар юкланиши муносабати билан, улар аъзоларининг сони амалда етти-ўн беш нафарни ташкил этган бўлса, Қонунда ушбу миқдор ўн бир-йигирма бир нафарга етказилди. Аъзолар сонинг кўпайиши уларга юклатилган вазифаларни амалга оширишда, вазифалар тақсимотида ортиқча юкламанинг олдини олишга хизмат қилади.

Барча фуқарога бирдек кафолатланган ҳуқуқ

Аввалги тартибга кўра, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участкалар бўйича сайловчилар рўйхатлари мазкур муассасалар раҳбарлари томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида тузилар эди.

Чет элда турли сабаблар билан бўлиб турган барча фуқаролар ҳам консуллик рўйхатда турмаган бўлиши мумкин. Қонун билан Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексини “Чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритиш” номли махсус модда билан тўлдирилди.

Қонун билан хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, шунингдек, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

Мазкур қоидага кўра, чет давлатларда бўлиб турган фуқаролар хориждаги участка сайлов комиссиясига ёзма шаклда ёки Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг расмий веб-сайти орқали электрон шаклда хориждаги сайлов участкасининг сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисидаги мурожаатини сайловдан ўн беш кун олдин бериши мумкин.

Ушбу тажриба дастлаб 2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтган парламент сайловларида апробациядан ўтказилиб, ўзининг ижобий томонларини кўрсатганлигини қайд этиш зарур. Хусусан, ушбу сайловда Россия, Жанубий Корея ва Қозоғистонда бўлиб турган 90 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқаролари кўчма қутиларда овоз берганлар.

Мазкур ислоҳот чет элда турли сабаблар билан бўлиб турган Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқаросининг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятни сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизация қилишда уларнинг иштирокини таъминлашда муҳим қадам бўлади.

Муҳим сиёсий жараёнда қатор янгиликлар бўлади

Биринчидан, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тавсиялари асосида қонун билан Сайлов кодексидан сайлов комиссияларининг номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга оид вазифаси чиқариб ташланди.

Ушбу ўзгаришнинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб, шуни қайд этиш зарурки, сайловолди ташвиқотини ташкил этиш ва ўтказиш бевосита сиёсий партияларнинг ихтиёрий иши бўлганлиги сабабли, сайлов комиссияларининг бу ишга аралашиши уларга хос бўлмаган вазифа ҳисобланади.

Иккинчидан, халқаро ташкилотлар ва кузатувчиларнинг таклифлари асосида сайловолди ташвиқоти даврида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати, бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмалар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг, судьяларнинг, сайлов комиссиялари аъзоларининг, диний ташкилотлар профессионал хизматчиларининг сайловолди ташвиқотини олиб бориш тақиқланди.

Мазкур қоида сайловолди ташвиқоти тенг имкониятлар ва шаффофлик асосида ўтказилишига, сиёсий партияларнинг ўз имкониятларидан тенг фойдаланишига замин яратади.

Учинчидан, сайлов натижаларини эълон қилиш муддатларининг асоссиз чўзилишининг олдини олиш мақсадида сайлов комиссиялари қарорлари устидан шикоят муддати 10 кундан 5 кунга қадар қисқартирилди. Ушбу ўзгаришнинг амалга оширилиши, сайлов натижаларини ўз вақтида аниқлаш ва эълон қилиш бўйича сайлов тартиб-таомилларини соддалаштиришга хизмат қилади.

Умуман олганда, мазкур қонун ўтган йиллар йиллар давомида тўпланган тажрибалар ҳамда миллий ва хорижий экспертлар томонидан билдирилган таклифларнинг инъикоси бўлиб, мамлакатимиз сайлов қонунчилигини халқаро стандартларга мослаштиришга, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кафолатлашга, сайлов жараёнларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.

Мазкур қонун Янги Ўзбекистон шароитида бўлажак Президентлик сайловининг миллий қонунчилигимиз ва умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юксак савияда ташкил этилишига ва ўтказилишига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Раҳимжон ҲАКИМОВ,

Тошкент давлат юридик университети ректори,

юридик фанлари доктори, профессор.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер