Миллий қадриятларимиз намойиши

“Баркамол авлод” болалар марказида “Миллий қадриятлар” кўргазмали фестиваль-танлови Тошкент шаҳар босқичи ўтказилди.
Тадбирнинг очилишида сўзга чиққанлар юртимизда ёш авлоднинг ижодий ва бадиий қобилиятларини ривожлантириш, истеъдодларини юзага чиқариш ҳамда бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими ва Маданият вазирликлари, Ўзбекистон Бадиий академияси, “Ўзбектуризм” давлат қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган “Миллий қадриятлар” кўргазмали фестиваль-танлови ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга.
Фестиваль тасвирий санъат, либослар дизайни, мунчоқли безак, бадиий тўқиш, дўппидўзлик, кулолчилик ва майда пластика, юмшоқ ўйинчоқлар ва қўғирчоқлар, ёғоч ўймакорлиги каби йўналишларда ўтказилди. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг ноанъанавий услуби, инновацион ёндашуви ва ижодкорлик қобилиятини баҳолади.
Ғолиблар ташкилотчиларнинг махсус дипломи ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Эндиликда улар Хива шаҳрида ўтказиладиган Республика танловида қатнашади.
Муҳаммаджон АҲМАДЖОНОВ.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг