Миллий либослар ҳафталиги бўлиб ўтмоқда
Фото: “Халқ сўзи”
Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида 25 сентябрдан бошлаб миллий либослар ҳафталиги бўлиб ўтмоқда.
Бунда муассасадаги барча хотин-қизлар миллий либосда иш ҳамда ўқиш жойига келиши белгиланган. Эрта тонгдан барча талаба ва устозлар миллий матолардан тикилган либосларда университетга келишди. Ўзгача байрамона кайфият, ёрқин ранглар ва миллий мусиқалар уйғунлиги ўқув жараёнларига ҳам ўзгача кўтаринкилик бахш этди.
Шунингдек, дизайнер Ситора Исломованинг шахсий коллекциясидан ўрин олган либослар кўргазмаси ҳам бўлиб ўтди. Талаба қизлар ўз гардеробларини шундай замонавийлик ва миллийлик уйғунлигидаги антиқа либослар билан бойитдилар.
— Бундай ҳафталикларни ўтказишдан мақсад ёшларимиз ўртасида миллий қадриятларимизга бўлган ҳурмат ҳамда эътибор руҳини қайтаришдир, — дейди мазкур ҳафталик ташкилотчиси, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор в.в.б Гулноза Жўраева. — Биласизми, Буюк Британиянинг бир қисми ҳисобланган Шотландия бутун дунёга ўзининг миллий либоси билан танилган. Айнан шу либосни кўриш учун йилига қанчадан-қанча одам Шотландияга боради. Миллатни танитадиган нарсалардан бири унинг миллий либосидир. Халқимиз маънавий мулкига айланиб улгурган атласу адрасларимиз барча ўзбек қизларининг миллий фахр-ифтихори бўлиб хизмат қилиши керак.
Айни дамда ҳафталик давом этмоқда. Бундан ташқари, ҳафталикдан миллий либосда миллий палов тайёрлаш, миллий либосда алла айтиш, миллий либосда миллий лапар ва айтишувлар танловлари ўрин олган.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг