МИБ томонидан 220 та оила яраштирилди

16:49 29 Июнь 2021 Жамият
959 0

Мажбурий ижро бюроси қарздорликни ундирувчи идорага айланиб қолди, дегувчилар хато қиладилар. Ҳар иккала томонни ўзаро келиштириб, юзага келиши мумкин бўлган низоларнинг олдини олиш ҳам МИБнинг кундалик вазифаларидан бирига айланган.

— Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Андижон туманлараро судининг суд буйруғига асосан қарздор Э.Ш.дан ундирувчи М.Ш.нинг фойдасига икки нафар фарзандининг таъминоти учун қарздорнинг ҳар ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадларининг учдан бир қисми миқдорида алимент ундирилиши лозим эди, — дейди МИБ Андижон вилоят бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Баҳромжон Насриддинов. — Олиб борилган тарғибот ва тушунтириш ишлари натижасида бу оила яраштирилди. Умуман олганда, йилнинг шу даврига қадар вилоятда 220 та оиланинг яраштирилишига эришилди.

Эр-хотиннинг бир оила даврасида жамланишидан ортиқ бахт йўқ аслида. Бироқ, бу бахт алиментни тўлашдан бўйин товлаш эвазига бўлмаслиги керак. Зеро, ота-она келишмовчилигидан шундоқ ҳам азият чеккан фарзандлар руҳиятида яна бир бор тушкунлик ҳолати юзага келмаслиги керак.

Саминжон ҲУСАНОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер