МИБ суд қарорини бажармаса, дардимни кимга айтай? — қашқадарёлик тадбиркор
"Халқ сўзи" газетаси расмий веб-сайтида шу йил 23 сентябрь куни "МИБ ходимининг ҳаракати туфайли қашқадарёлик тадбиркор 1 йилу 7 ойдан буён ўз маблағини эркин тасарруф қила олмаяпти" сарлавҳаси билан танқидий материал эълон қилинган эди.
Унда Мажбурий ижро бюросининг Қарши тумани бўлими томонидан савдога қўйилган объектни электрон онлайн аукцион орқали ютиб олганим, 84 млн. сўмга яқин маблағ ўтказганим ва суд орқали савдо ноқонуний деб топилгач, суд томонидан МИБ зиммасига менинг 84 млн. сўмга яқин маблағимни қайтариш мажбурияти юклангани ҳақида ёзилган эди.
Афсуски, ушбу танқидий материалдан сўнг ҳам Мажбурий ижро бюроси Қарши тумани бўлими раҳбарияти бир энлик жавоб хати ёзишни ўзларига эп кўрмади. Ҳайронман, улар суд қарорига шунчалар нописандми ёки тадбиркорни истаганча сарсон қилиш мумкин деб ўйлашадими?
МИБ суд қарорини бажармаса, дардимни кимга айтай унда? Наҳотки тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тузилган ушбу бюро вакиллари тадбиркорнинг пешона тери билан топган пулини қайтармаслик амалдаги қонунларга зид эканини хаёлларига ҳам келтирмаса? Бу саволимга ким жавоб беради? Ким менинг қонуний ҳуқуқимни тиклашга ёрдам беради?
Зафар ХОЛИЁРОВ, Қарши туманида яшовчи тадбиркор.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг