Меъёрдан ортиқ юк ортган юк машиналари назоратга олинди
Қудратилла Нажмиддинов/«Халқ сўзи». «Фарғона ҳалқа йўли» автомобиль йўлининг Наманган шаҳрига кираверишдаги қисмида вазн ва ҳажмни ўлчаш тарозилари ўрнатилиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, меъёридан ортиқ юк ортилган транспорт воситаларининг умумий фойдаланишдаги йўлларга зарар етказишининг олдини олиш мақсадида назорат тадбирлари ўтказиб борилмоқда. Қоидага кўра, юк машиналарига битта етакчи ўқида максимал 11,5 тонна, ҳар бир қўшимча ўқда 10 тонна юк кўтаришга рухсат берилади. Ушбу чекловлар оғир вазнли транспорт воситалари иштирокида содир бўладиган бахтсиз ҳодисалар хавфини камайтириш мақсадида ўрнатилган.
— Бу йўлдан бир кеча кундузда 65-70 мингга яқин транспорт воситалари ҳаракатланади, — дейди автомобиль ва сув транспортида назорат Наманган ҳудудий бўлими бош инспектори Санжарбек Қаюмов. — Уларнинг бир қисми оғир юкли автомашиналар экани инобатга олинса, вазн ва ҳажм чеклови назоратини доимий олиб бориш зарурати кўзга ташланади. Чунки, йўл ҳаракати қоидасининг айни йўналишдаги бандини қўпол равишда бузиб, бошқа қатнашчиларга ҳам хавф туғдираётган ҳайдовчилар кўплаб учрайди.
Наманган вилояти автомобиль йўллари бошқармаси ҳамда ҳамкор ташкилотлар ходимлари билан биргаликда ўтказилган назорат тадбири давомида 121 та юк автомашинаси ортиқча вазнда эканлиги аниқланди. Масалан, 50 211 RBA, 503820 BA, 50 735 ABA давлат рақамли юк автотранспортлари тарозига қўйилганда кузовига белгиланганидан кўп юк ортилган. Бу ҳайдовчиларга нисбатан тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, қоидабузарликка муносиб чора белгиланди.
Назорат вазн чегараларининг бузилишини аниқлаш ва бартараф этишда бундай мониторинг ҳаракатларининг муҳимлигини кўрсатмоқда. Зеро, белгиланган қоидаларни қўллаш орқали йўл тармоғининг яхлитлигини сақлаб қолиш, умумий йўл ҳаракати хавфсизлигини оширишга эришилади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг