Металлургларнинг Навоийдаги учрашуви

14:43 17 Апрель 2026 Жамият
70 0

Металл қазиб олиш ва унга ишлов бера олиш имконияти ва салоҳиятига эга давлатда тараққиёт барқарор бўлади. Мамлакатимиз Марказий Осиёнинг шундай қудратга эга давлатларидан бири. Албатта, бунда «Навоий уран» ва «Ўзметкомбинат» каби йирик саноат корхоналарининг муносиб ҳиссага эга.

Корхоналарнинг салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ҳамда барча мавжуд имкониятларни ишга солиш мақсадида «Навоий уран» давлат корхонасида «Ўзметкомбинат» АЖ делегацияларининг муҳим учрашув бўлиб ўтди.

Унда «Навоий уран» ДК Бош директори Дж. Файзуллаев ҳамда «Ўзметкомбинат» АЖ Бошқаруви раиси – Бош директори Б. Абдуллаев бошчилигидаги юқори малакали мутахассислар иштирок этди.

Мулоқот давомида икки корхона ўртасида саноат кооперациясини кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш занжирларини интеграция қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

— Хусусан, уран қазиб олиш жараёнида қўлланиладиган замонавий бурғилаш ускуналарини маҳаллийлаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари алоҳида эътибор марказимизда бўлди, — дейди «Навоий уран» ДК Бош директори Джамал Файзуллаев. — Бу энг аввало импорт ўрнини босиш, таннархни камайтириш ҳамда миллий саноат салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, учрашувда соҳа мутахассисларининг ўзаро тажриба алмашуви, инновацион ечимларни жорий этиш ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Мулоқот якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.

Мазкур келишувлар келгусида икки йирик саноат корхонаси ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаб, мамлакатимиз саноат ривожига сезиларли ҳисса қўшиши шубҳасиз.

Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер