Менинг акам — Ватан ҳимоячиси
“Халқ сўзи ONLINE”. Истам Иброҳимов/Бухоро. Бухорода “Менинг акам — Ватан ҳимоячиси!” деб номланган тадбир ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистонда йигитлик бурчини ўтаётган бухоролик аскарларнинг ака-укалари, ота-оналари, ёр-биродарлари, шунингдек, Бухородаги ҳарбий қисмларда хизмат қилаётган қорақалпоғистонлик аскарлар ҳамда жамоатчилик вакиллари қатнашдилар.
“Ҳарбий ватанпарварлик” ойлиги доирасида ўтказилган бу ўзига хос тадбир шарофати билан аскар йигитлар ва уларнинг яқинлари видеоалоқа воситасида мулоқот қилиш имконига эга бўлдилар.Телекўприкда сўз олган аскарлар миллий армиямиз сафида билимларини оширишаётгани, зарур кўникмаларга эга бўлишгани, ҳаёт, ота-она қадрини чуқур ҳис этишаётгани ҳақида сўзлаб беришди. Ўз навбатида ота-оналар ўз чиқишларида миллий армиямизда яратилган шарт-шароитлардан хурсандликларини билдириб, фарзандларига эзгу тилакларини изҳор этишди.
— Бу дийдорлашувдан кўнглимиз ғурурга тўлди, — дейди Қорақалпоғистонда йигитлик бурчини ўтаётган оддий аскар отаси Тошпўлат Тўраев. — Шундай мард, қатъиятли, интилувчан, она — юртини жон-дилидан севадиган йигитларимиз бор экан, тинчлигимизга ҳеч ким рахна сола олмайди. Бу видеомулоқот тадбирда қатнашган кўплаб ёшларимиз, аскар укаларининг юрагида ҳам Ватанга муҳаббат, садоқат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди, албатта.
Тадбирда янграган куй-қўшиқлар барчага байрамона кайфият бағишлади.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг