Мен Паҳлавон Маҳмудни полвонлар пири, устозим деб биламан — эронлик спортчи Реза Гейтаси
Фото: “Халқ сўзи”
Қадимий ва навқирон Хива кураги ерга тегмаган енгилмас баҳодир ва маърифатпарвар шоир, файласуф ва сўфий Паҳлавон Маҳмуд хотирасига бағишланган III халқаро баҳодирлар ўйинларига мезбонлик қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси маданият ва туризм вазирлиги, Бутунжаҳон стронгмен федерацияси ҳамда Хоразм вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилаётган ушбу турнирда Ўзбекистон, АҚШ, Ҳиндистон, Эрон, Австралия, Янги Зеландия, Украина, Латвия, Полша каби 17 та давлатдан ташриф буюрган баҳодирлар иштирок этмоқда. Улар 2 кун давомида аравага юк ортиш ва масофага олиб бориш, обкаш кўтариб юриш, сангижумон тошларини кўтариш, миллий нақшли Хива устунларини кўтариш ва ушлаб туриш каби қатор мусобақаларда асосий соврин учун куч синашадилар.
— Бугун бутун дунё баҳодирлари яна кўҳна ва ҳамиша навқирон Хивада тўпландилар, — дейди Хоразм вилояти ҳокимининг туризм, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар бўйича ўринбосари Ботир Саидов. — Ичанқалъада 2019 йилда биринчи бор ўтказилган баҳодирлар ўйинлари спорт туризми йўналишида халқаро алоқаларни ривожлантириш, туризм салоҳиятини тарғиб қилишга хизмат қилди. Шу боис турнирнинг мавқейи, иштирокчилар сони йилдан йилга ортиб боряпти.
Халқаро баҳодирлар ўйинлари иштирокчилари фикрлари билан қизиқдик. Эронлик машҳур спортчи ўз таассуротлари билан ўртоқлашди.
— Мен Паҳлавон Маҳмудни полвонлар пири, устозим деб биламан, — дейди эронлик спортчи Реза Гейтаси. — Қадимий Хивада ўтказиб келинаётган баҳодирлар ўйинларида учинчи бор иштирок этяпман. 2019 йилда иккинчи ўринни эгаллаган бўлсам, ўтган йил турнирнинг мутлақ ғолиби бўлдим. Бу сафар ҳам мухлисларимни хушнуд қилиш ниятидаман.
Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг