“Мен молиявий саводхонман” кўрик-танлови ғолиблари тақдирланди

13:05 18 Декабрь 2024 Жамият
237 0

Ботир МАДИЁРОВ/“Халқ сўзи”. Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилоят ҳудудий бирлашмаси томонидан Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи“да ғолибларни тақдирлаш маросими ўтказилди.

Ҳудудий бирлашма томонидан ёшларнинг молиявий саводхонлигини ошириш мақсадида Марказий банкининг Фарғона вилоят бош бошқармаси билан ҳамкорликда вилоятдаги 10 та олий таълим муассасаларида семинар-тренинглар ташкил этилмоқда.

Эзгу мақсад йўлида янги авлод вакиллари ўртасида “Мен молиявий саводхонман” деб номланган бир босқичли видеороликлар кўрик-танлови бўлиб ўтди. Танловга белгиланган муддат ичида 8 нафар иштирокчи жамоадан 15 та материал келиб тушди.

— Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети талабаси Зуҳра Каршиева 1-ўринга муносиб топилиб, 7 миллион сўм пул мукофоти берилди, — дейди Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Фарғона вилояти ҳудудий бирлашмаси бош мутахассиси Ғайратжон Маматқулов. — Фахрли 2-ўрин ва 5 миллион сўм пул мукофоти Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси Имрон Ҳасанов, 3-ўрин ва 3 миллион сўм пул мукофоти Фарғона шаҳрида жойлашган нодавлат шаклидаги Central Asian medical university талабаси Баҳодиржон Давроновга насиб этди.

Шунингдек, Республика маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилоят бўлими жамоаси вакили Маҳмуджон Олимов танловнинг рағбатлантирувчи номинацияси ғолиби сифатида эътироф этилди. Марказий банк вилоят бош бошқармасининг эсдалик совғаси билан тақдирланди.

Фарғона шаҳридаги “ННТлар уйи”да ўтказилган тақдирлаш маросимида ғолиб ва совриндорларга мукофотлар ҳамда ҳудудий бирлашманинг фахрий ёрлиқлари топширилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер