«Меҳр кутубхонаси»: Китоб ва меҳр улашаётган лойиҳа
Албатта имконияти чекланганлар ҳам ҳаётнинг тўлақонли иштирокчисидир. Уларнинг маънавий оламини бойитишга бўлган иштиёқи, билишга бўлган чанқоқлиги бошқа ҳар қандай инсонникидан каммас. Жумладан китобхонликда ҳам. Эътироф этиш лозимки, айнан шундай юртдошларимиз, айниқса ёши улуғ инсонлар учун Алишер Навоий номидаги Сирдарё вилояти ахборот- кутубхона маркази томонидан ташкил этилган «Меҳр кутубхонаси» лойиҳаси ўзига хос меҳр ва эътибор тимсолига айланган.
Ушбу лойиҳа орқали кутубхонага мустақил равишда боролмайдиган, ёши катта ва ногиронлиги бўлган фуқароларга кутубхона хизматларини уйдан туриб олиш имконияти яратилган. Кутубхона ходимлари «Меҳр кутубхонаси» аъзолари билан телефон орқали боғланиб, уларнинг адабиётлар бўйича қизиқишларини аниқлайди. Уларнинг истакларига мос китоблар танлаб олинади, бевосита уйларига олиб борилади.
Мазкур лойиҳанинг ғояси оддий, аммо катта аҳамиятга эга. Негаки, «Меҳр кутубхонаси»нинг иши оддий китоб топширувдан иборат эмас, балки шу аснода китобхон билан самимий суҳбатлар, китоблар ҳақида фикр алмашувлар ҳам бўлади. Қолаверса, ёши улуғ инсонлар ўқиган асарлари ҳақида невара-чевараларига ҳикоя қилиб беради. Китобхонликнинг беҳисоб фойдаси бўйича бошқаларга маслаҳатлар беради. Муҳими, ушбу хайрли иш туфайли нафақат маънавий озуқа олади, балки ўзларининг керакли, қадрланаётган инсон эканини яна бир бор ҳис қилади.

— Бугунги кунда ушбу лойиҳага 20 нафар ногиронлиги бор фуқаро қамраб олинган бўлиб, уларнинг аксариятини ёши улуғ китобсеварлар ташкил этади, — дейди Сирдарё вилояти ахборот-кутубхона марказининг абонементлар сектори мудири Хуршида Маматқулова. — Дастлаб лойиҳа доирасида онлайн хизматлар — «Меҳр кутубхонаси» фойдаланувчиларини электрон китоблар орқали таъминлаш имконияти мавжуд эди. Афсуски, техник сабаблар туфайли бу йўналиш ҳозирда фаолиятини тўхтатган. Аммо шунга қарамай, «Меҳр кутубхонаси» ўзининг асосий йўналиши – китобларни бевосита китобхоннинг уйига етказиш, маънавий мулоқот орқали уларга меҳр улашиш ишини давом эттирмоқда.
Ҳа, ушбу лойиҳа – маънавият, эътибор ва инсон қадри учун хизмат қилаётган амалий ташаббусдир. Айниқса, ҳаётнинг турли босқичида кўп синовларга дуч келган ёши улуғ инсонлар учун бу лойиҳа қалбга илиқлик, руҳга ором, фикрга озуқа бўлиб хизмат қилмоқда. «Меҳр кутубхонаси» нафақат китоб, балки инсонийлик, меҳр ва ғамхўрлик элчиси сифатида юракларга йўл топмоқда.
Севара РАСУЛОВА,
Ўзбекистон журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети 1-босқич талабаси.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг