Меҳнат ярмаркаси: 250 нафар талаба ишли бўлди

19:49 16 Март 2022 Жамият
1256 0

Давлатимиз раҳбари раислигида шу йил 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган муҳим вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти ҳокимлиги, бандликка кўмаклашиш бош бошқармаси, Фарғона давлат университети билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Меҳнат ярмаркасида бўш иш ўринлари мавжуд Фарғона, Олтиариқ, Қўштепа, Тошлоқ, Қува туманлари ҳамда Фарғона, Қувасой, Марғилон шаҳарлари халқ таълими, мактабгача таълим бўлимлари, ўттиздан ортиқ корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Ярмаркада 1 500 нафардан ортиқ талабалар қатнашиб, мавжуд иш ўринлари билан танишди. Натижада қизиқишлари ва мутахассислик йўналишларидан келиб чиқиб, 250 нафар талаба билан ишга қабул қилиш бўйича келишувлар амалга оширилди.

Тадбир давомида меҳнат ярмаркаси ташкилотчилари иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда Фарғона давлат университети ректори Б. Шермуҳаммадов университетда талабалар бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ва навбатдаги муҳим вазифалар тўғрисида маълумот бериб, университет ташаббуси билан яратилган мавжуд иш ўринлари тўғрисида маълумот берди.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимларининг Фарғона давлат университетининг Фарғона туманидаги «Дўстлик» ўқув полигони ва Оқбилол агроучасткасига саёҳатлари уюштирилди.

Мазкур ўқув полигонларида талабалар бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар, жумладан, боғдорчилик, гулчилик, чорвачилик ва деҳқончилик йўналишларида яратилган иш ўрни, талабаларга яратилган шароит билан танишди.

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер