«Медиа ҳафталик» — медиа соҳасидаги йирик лойиҳа бошланди
Мамлакатимизда глобал ахборот маконидаги тезкор ўзгаришлар, ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллект технологияларининг ривожланиши шароитида медиа соҳаси вакилларидан замонавий ёндашувлар талаб этилмоқда. Шу нуқтаи назардан, республика миқёсида журналистлар, блогерлар ва матбуот котибларини бирлаштирувчи йирик таълимий-амалий лойиҳа — «Медиа ҳафталик» ўз ишини бошлади.
Лойиҳанинг илк босқичи 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасида старт олди. Нукус шаҳридаги «Оқ қуш» мажмуасида ўтказилаётган машғулотларда иштирокчилар реал кейслар асосида ишлаш, хатоларни таҳлил қилиш ва янги ёндашувларни шакллантириш имкониятига эга бўлмоқда.
Ҳафталик доирасида журналистлар, блогерлар, матбуот котиблари ва медиа соҳаси вакиллари учун сессиялар ташкил этилмоқда. Уларда контент яратиш, матн ва визуал форматлар, ахборот хавфсизлиги, стратегик коммуникация, медиа менежмент, SMM ҳамда сунъий интеллектдан фойдаланиш каби йўналишлар қамраб олинган.

Тренинг ва маҳорат дарслари давомида иштирокчилар назарий билимлар билан бирга амалий кейслар асосида ишлаш, таҳлил қилиш ва янги ёндашувларни шакллантириш имконига эга бўлмоқда. Шунингдек, очиқ мулоқотлар ва фикр алмашинувлар ҳам ташкил этилмоқда.
Эътиборлиси, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарининг Қорақалпоғистондаги мухбирлари ҳам ушбу медиа ҳафталикда иштирок этиб, тажрибаларини оширишмоқда.
Маълумот учун ушбу лойиҳа Контент маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда амалга оширилиб, бутун республика бўйлаб қарийб 12,5 минг нафар иштирокчини қамраб олишни кўзда тутади. Дастур доирасида жорий йилнинг 30 мартдан 26 июнига қадар ҳар бир ҳудудда 5 кунлик интенсив ўқув-семинарлар ва маҳорат дарслари ташкил этилади.
Ғайрат Отажонов, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг