“Masdar” компанияси Ўзбекистонда шамол электр станцияси қувватини 1,5 ГТт га оширади
БААнинг “Masdar” компанияси томонидан Ўзбекистондаги шамол электр станциялари бўйича ўз лойиҳаси қувватини 1,5 ГВтгача ошириш бўйича келишувни имзолади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги Ахборот хизмати хабар берди.
Кеча, 1 апрель куни Тошкент шаҳрида Марказий Осиёда энг йирик шамол парки қурилишига доир қарор қабул қилишга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда видеомурожаат билан Бош вазир ўринбосари, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, БААнинг иқлим ўзгариши бўйича махсус элчиси ҳамда саноат ва илғор технологиялар вазири доктор Султон Аҳмад Ал Жобир, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазири Алишер Султанов, БАА Энергетика ва инфратузилма вазири Е.Сухайл Ал Мазруей иштирок этди.
Лойиҳа қувватини кенгайтириш тўғрисидаги келишув инвестор томонидан “Masdar” компанияси бош директори Муҳаммад Жамил Ал Рамоҳий ва Ўзбекистон томонидан эса Алишер Султанов томонидан имзоланди.
2020 йилда “Masdar” компанияси томонидан Ўзбекистон Ҳукумати билан қуввати 500 мегаватт (МВт) бўлган шамол электр станцияси, мамлакатда тоза энергия соҳасидаги иккинчи кенг кўламли лойиҳа ва Марказий Осиёдаги энг йирик шамол электр станцияси лойиҳасини ишлаб чиқиш, қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича икки томонлама келишувлар имзоланди. Лойиҳа 600 миллион АҚШ долларидан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилади.
Янги келишув имзоланиши билан Навоий вилоятининг Зарафшон туманида жойлашадиган лойиҳа қуввати 1,5 ГВтга ошди, бу келгусида Ўзбекистонга 2030 йилга бориб шамол электр станциялари (ШЭС) ҳисобига 3 ГВтгача электр энергияси ишлаб чиқиш бўйича мақсадларига эришишга ёрдам беради.
Зарафшондаги қуввати 500 МВт бўлган ШЭС 2024 йил охирига келиб ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Мазкур қувват ҳисобига ШЭС 500 000 та уй-жой таъминоти учун етарли бўлган электр энергияси ҳажмини ишлаб чиқиш имкониятига эга бўлади. Бу шунингдек, атмосферага йилига 1,1 млн тоннагача карбонат ангидрид гази чиқарилишининг олдини олишга ёрдам беради.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг