Марказий Осиёдаги ягона Гавҳар
«Халқ сўзи» танловига
Хоразмни қазсангиз агар,
Ер остидан дарёлар чиқар.
Хоразмни қазсангиз агар,
Ер остидан дунёлар чиқар...
«Ер остини қўйинг, Матназар оға, ер устиндаги дунёларимизни асрамака ноилож, бефарқ дурибмиз-ку!» Ҳар гал шу сатрларга кўзи тушаркан, Гавҳар Дурдиева Матназар Абдулҳаким билан хаёлан суҳбат қуради. Унинг кўнглидаги азоблар, оғриқларни шоир аввалроқ илғагандек гўё.
Мутахассислиги бўйича қурувчи-муҳандис, техника фанлари номзоди, архитектура фанлари доктори, Хоразм Маъмун академияси илмий лабораторияси мудири, УрДУ профессори, «Олима аёллар» кенгаши раиси... Бу мақом, унвонлар ортида нозик хилқат, ҳа, кўнгли, жуссаси нозигу юраги, ирода-матонати метиндек Аёл турибди. Йўналиши бўйича Марказий Осиёда ягона олима, жонкуяр сенатор, меҳрибон она, вафоли ёр... Бу сифатлар бир нозик вужудга оғирлик қилмасмикан? Юк бўлмасмикан?
Ҳаёт йўлларида турли қиёфалар, кафтлар, нигоҳлар учрашади. Бироқ кўнгил учрашуви, кўнгилга яқин инсон билан дийдорлашув ҳеч қачон ёддан чиқмас экан. Диллар тўқнашса, тамомила бошқача туйғу юз очаркан.
Хоразм Маъмун академияси. Делегациямиз жамланган хонага бўйлари узун, юзида нур балқиган, чеҳраси очиқ, нигоҳи теран, бошига рўмоли ярашиқ, бурнига кўзойнак қўндирган фариштадай аёл кириб келди. Овози майин, ширали, аммо сўзлари дадил, шижоатли, кўзларида олов акс этган бу инсон бутун бошли делегацияни оғзига қаратиб, ҳанг-манг қилиб қўйди. Ўттиз дақиқалик маърузаси тугадию, ҳаммамизнинг кўзимиздан ёш тирқираган, кўнглимиз алланечук, денгиздаги кемадек қалқиган эди... Бизни бу даражада ҳайратга солган аёл ким бўлди? Қандай сўзлар ила сеҳрлаб қўйганди сўз аҳли — журналистларни?
Нола тортиб юборажаксиз
Қорачиқдан чақнаб зиёлар.
«Ер остига нега кетдингиз,
Азиз дарё, азиз дунёлар?»
«Кўз ўнгимизда бебаҳо дунёларимиз — меъморий обидаларимиз нураб бормоқда. Мана, айрим қадимий иморатларни термит деган бало еб битираётир. Қорақалпоғистондаги уч йил аввалги пахса деворлар ҳозир йўқ. Нураб, мангуликка қараб кетаётир. Биз олим эмасмиз, ана ўша буюк меъморий биноларни бунёд этганлар олим. Биз қанақасига туризмни ривожлантириш ҳақида гапиришимиз мумкин?! Ҳолбуки, бу ёқда маданий меросларимиздан айрилиб бораяпмиз...». Бу қаршимизда турган Гавҳар Дурдиеванинг нолалари, қорачиқдан чақнаган зиёлари эди.
Шундай жавоб бўлгайдир сизга
«Йўқ! Кетмакчи эмас эрдик биз.
Сизларнинг кўп кирдикорлардан
Ер ёрилди, ерга кирдик биз».
«Олдинги йилларда Ичанқалада жойлашган 5 метр баландликдаги анъанавий уй термитдан зарарланиб йиқилди, натижада икки эгизакнинг умрига зомин бўлди. Биз шу мудҳиш манзарага гувоҳ бўлгунча, шу нохуш ҳолат юз бергунча қўл қовуштириб ўтирдик. Ўша дақиқагача ҳеч ким сўзимни тинглаган эмас эди. Мана, ўша иш содир бўлдию, қидириб қолишди. Бизга ахир, шундай каттароқ, кўзга кўринадиганроқ фожиалар керакда!
Масжидни кўтариб турган 221 устундан саккизтаси ҳам не бўлиб, Тошкентга бориб қолган. Менга мана шу савол ҳам тинчлик бермайди. Кимнинг нима ҳаққи бор? Худо куч-қувват, соғлиқ бериб турса, албатта, бу жумбоқларга ечим топаман».
Ҳали бир авлодлар келгайдир
Номингиздан тавбалар айтиб.
Шунда, иншооллоҳ, ҳаммамиз
Ер юзига чиқурмиз қайтиб!
Йигирма беш кишилик делегацияни мана шу ҳайқириқ, нидо йиғлатганди. Биз эшитиб кўзимиз ёшланган бўлса, Гавҳаржон Дурдиеванинг кўнгли ҳар куни дам-бадам қадимий бинолар деворлари билан бирга чўкиб, нураб бораётгандир? Қалбини харсангдек бостириб турган оғриқни енгиб, ўзида куч топиб, унча-мунча эркак кишининг қўлидан келмас ишларни мардона бажараётганидан, ҳақ гапни қўрқмай баралла айтаётганидан бир кўрганданоқ ҳурматимиз ҳам, ҳайратимиз ҳам ошди.
Хусусан, Оролбўйи минтақасида тарихий меъморий ёдгорликларни сақлаш ва таъмирлаш ишлари бўйича етук мутахассис олима ташаббуси билан инновация гранти доирасида Хоразм Маъмун академияси қошида 2008 йили меъморий ёдгорликлардаги қадимий хаттотлик санъатини ўрганиш бўйича «Уста-шогирд» мактабига асос солинди. «Хоразм Маъмун академиясининг нодир қўлёзмалари» каталоги ва «Хоразм меъморий ёдгорликларидаги хаттотлик намуналари» рисоласи нашрга тайёрланди.
10 йиллик илмий тадқиқотлари асосида Ўзбекистон қадимий шаҳарлари ўртасида илк бора Ичанқалъадаги 54 та меъморий ёдгорликнинг бугунги кундаги техник ҳолатини баҳолаш бўйича «Маълумотлар базаси» шакллантирилди.
Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Ичанқалъа бўйича ўтказилган семинарлардаги фаол иштироки, обидаларни сақлаш, таъмирлаш ва тарғиб қилиш бўйича ишлаб чиқилган илмий тавсиялари учун 2017 йил 28 мартда ЮНEСКО ташкилоти томонидан Г.Дурдиевага ташаккурнома юборилди.
Марказий Осиёдаги энг баланд (50,5 метр) ҳисобланган Ислом Хўжа минорасининг зилзилабардошлик хусусиятини ўрганиш учун олима бошчилигида бир гуруҳ лойиҳа иштирокчилари 2017 йил 10 апрелда шу пайтгача очилмаган минора пойдевори ва замин қисмидаги тупроқ хусусиятларини ўргандилар.
Ҳозирда Гавҳар Дурдиева раҳбарлигида ёш олимлар йўқолиб бораётган Қорақалпоғистоннинг пахса ва хом ғишт меъморий обидалари (қалъалар, қўрғонлар, мудофаа деворлари ва ҳ.к.лар)нинг бугунги кундаги техник ҳолатини аниқлашмоқда, улар бўйича ахборотлар банки шакллантирилди. Шунингдек, 2010 йилдан ЎзР ФА Ядро физика институти илмий ходимлари билан ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди. Натижада, қадимий меъморий обидаларнинг қурилиш материаллари таркиби ва структураси «нейтрон-активацион таҳлил» услуби орқали аниқланмоқда.
Гавҳаржон Дурдиеванинг саъй-ҳаракатлари, изланиш-интилишлари бесамар кетмади. Аввало, Оролбўйи минтақаси, жумладан, Хива туманидаги тарихий меъморий ёдгорликларнинг умрбоқийлигини таъминлашга ҳисса қўшиб келмоқда. Нафақат Хоразм, балки мамлакатимиз илмий жамоатчилиги орасида юксак ҳурмат-эътибор топди. Давлатимиз томонидан ҳам муносиб эҳтиром кўрсатилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги муносабати билан «Кўкрак нишони» ҳамда 2019 йили «Дўстлик» ордени топширилди. 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси «Олтин Мерос» жамғармасининг лауреати бўлди. 2017 йили «Йил аёли» танловининг «Энг билимли аёл» номинациясига лойиқ кўрилди. 2020 йилда эса Хоразм вилояти халқ депутатлари кенгашига сайланди.
У илм-фан, жамоатчилик ишларида фаоллик, жонбозлик кўрсатгани ҳолда аввало, аёл, уй бекаси, она эканини бир лаҳза бўлсин, унутмади. Турмуш ўртоғи Одилбек Заргаров Гавҳаржон опага ҳам ишда, ҳам уйда елкадош. Иккиси ҳам Хоразм Маъмун академиясида фаолият юритади, кези келганда бир-бирини қўллаб-қувватлайди, кези келганда бир-бирини тўлдиради. «Менинг олима бўлишимда турмуш ўртоғимнинг менга яратган шароитлари, мени тушуниши, қўллаб-қувватлаши, бир сўз билан айтганда, у кишининг ўрни беқиёс. Бир аёл, рафиқа, олима сифатида улардан миннатдорман», дейди Гавҳар опа. Иккиси бир бўлиб фарзандлари тарбияси, билим олишига алоҳида эътибор беришди. Тўнғич ўғли Полвонназир IT соҳасида, кенжа ўғли Темурбек йўл қурилиши бўйича мутахассис. Қизи Нафиса эса Камолиддин Беҳзод номидаги Рассомчилик ва санъат институти магистри.
Сўзимни севимли шоирим Матназар Абдулҳакимга мухаммас боғлаганча якунласам дейман:
Хоразмни қазиш шарт эмас,
Кафтимизда дурибди гавҳар.
Хоразмни қазиш шарт эмас,
Ер устинда юрибди Гавҳар!
Севара АЛИЖОНОВА,
журналист
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг