Марҳамат туманида Финляндия таълим услуби хос муассаса барпо этилмоқда

11:03 23 Октябр 2023 Жамият
395 0

Фото: “Халқ сўзи”

Андижон вилоятининг Марҳамат туманида таълимнинг Финляндия услубини жорий этишга киришилди. Бунинг учун 29 миллиард сўмдан иборат лойиҳа асосида янги таълим муассасаси барпо этилмоқда.

— Ушбу таълим маскани 550 ўринли бўлиб, у мактабгача таълим ташкилотидан олий таълимгача бўлган босқични ўзида қамраб олади,—дейди туман ҳокимининг ўринбосари Дилхушбек Исмоилов. – Фан синф хоналарининг мавжудлиги ўқувчиларнинг чуқурлаштирилган таълим олишларига имкон беради. Қолаверса, замонавий касблардан бири бўлмиш маркетинг йўналишида ҳам машғулотлар олиб борилади. Ушбу таълим муассасасида ўзлаштира олмайдиган ўқувчи бўлмайди. Боиси, синфдошларидан ортда қолаётган ўғил-қизлар билан якка тартибда шуғулланилади. Спорт, маданият ва таълим йўналишида юқори натижаларни қайд этган ўқувчиларга 10 фоиздан — 100 фоизгача грантлар ва ҳаттоки кешбеклар бериб борилади.

“Ёш дипломатлар” МЧЖ томонидан таклиф этилган ушбу лойиҳа асосида қурилиш ишларини “Мустафо савдо қурилиш” МЧЖ бунёдкорлари олиб боришмоқда. Муассаса қуриб битказилгач, ўқувчилар ҳатто ёзги таътил даврида ҳам таълимдан узилиб қолмайди. Бунинг учун “Таълим ўйини” ёзги оромгоҳи ташкил этилади ва унда ўқувчиларга интерактив усулда таълим берилади.

Бир сўз билан айтганда, Марҳамат туманида таълим соҳасига олиб кирилаётган янгича йўналиш орқали фарзандларимизнинг билимли бўлиб вояга етишлари учун қулай ижодий муҳит яратилмоқда.

Саминжон ҲУСАНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер