Маънавиятчиларга “Cпарк” ва 25 миллион сўм

17:08 21 Октябр 2019 Жамият
2300 0

Қутлуғ сана - 21 октябрь куни Фарғона шаҳридаги Алишер Навоий номидаги хиёбон вилоят фаоллари, маънавий-маърифий соҳа жонкуярлари, меҳнат фахрийлари, ижодкор-зиёлилар, талаба-ёшлар билан гавжум бўлди.

“Тил бор экан-миллат барҳаёт” номли байрам тантанаси дебочасида вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бошчилигида буюк мутафаккир Алишер Навоий ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Эркин Воҳидов номидаги вилоят ижод мактабининг истеъдодли ўқувчилари томонидан мушоира ташкилланди. Байрам тадбирининг асосий қисми вилоят Театр-концерт саройида бўлиб ўтди. Дастлаб тадбир иштирокчилари байрамга тайёргарлик жараёнлари, кўп миллатли халқимизнинг ўзбек тилига ҳурмат ва эътиборини акс эттирган лавҳаларни видеокўргазмалар орқали томоша қилдилар.

Шундан сўнг вилоят раҳбари кириш сўзида она тилимизнинг мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида тутган ўрни, Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида тилимизнинг жамиятдаги нуфузини ошириш бўйича амалга оширилган ишлар, давлатимиз раҳбарининг қарорига мувофиқ Марғилонда Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабининг ташкил этилиши она тилимизнинг тарихий илдизларини чуқур ўрганишга замин яратганини эътироф этди ва йиғилганларни она тилимизга эҳтиром байрами билан табриклади.

Шундан сўнг вилоятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳисса қўшаётган бир гуруҳ жамоатчилик кенгаши вакилларига икки миллион сўмдан пул мукофотлари тантанали тақдим этилди. Таниқли шоира, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Зуҳра Алиевага 25 миллион сўм пул мукофоти, Қўқон шаҳар тарихи ва маданияти Давлат музейи директори Манзурахон Мансуровага “Спарк” русумли автомашина калити тантанали топширилиши Фарғонада маънавий-маърифий соҳа ходимларига эътибор ва ғамхўрликнинг амалдаги ифодаси бўлди.

Байрам кечасида фарғоналик таниқли шоирлар янги ижод намуналаридан ўқишди. Вилоятимиз санъат усталари томонидан театрлаштирилган концерт дастури намойиш этилди. Кечага ташриф буюрган Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, дубляж устаси Беҳзод Муҳаммадкаримов Заҳириддин Муҳаммад Бобур образини саҳнада ижро этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлди.

Байрам тантаналарининг илмий-амалий қисми Фарғона Давлат Университетида давом этди. “Филологиянинг долзарб масалалари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуманда Қирғизистон, Тожикистон республикаларининг Ўш ва Хўжанд университетлари, Фарғона шаҳридаги Корея Халқаро Университети филиали профессор ўқитувчилари ўз маърузалари билан иштирок этишди. Анжуманда ўзбек тилимизнинг қардош халқлари тиллари билан ўхшаш хусусиятлари, тарихий илдизи, зуллисонайн ижодкорлар ҳақида сўз юритилди. Ўзбек тилининг илмий-назарий асослари кенг таҳлил этилди.

Илмий-амалий анжуманда тилшунослик, адабиётшунослик, ўқитишнинг долзарб масалалари йўналишларида шўъба йиғилишлари ўтказилди.

–Бугунги анжуман икки миллат дўстлиги азалий анъаналарининг давомийлигининг ифодаси бўлди, – дейди Хўжанд Давлат университети доценти Шарифжон Тожибоев. – Маҳмуд Қошғарий, Юсуф хос Ҳожиб қаламига мансуб қадимий қўлёзма ёдгорликлари тожик миллатининг фахридир. Бугунги кунда икки миллат ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик ўзбек ва тожик тилининг ривожига муносиб ҳисса қўшади.

Элёржон ЭҲСОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер