Маънавий уйғоқлик масъулият мезонига айланиши керак

17:45 25 Декабрь 2023 Сиёсат
488 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси йиғилишида дастлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишидаги нутқи мазмун-моҳияти, фракция олдида турган устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда маънавий-маърифий соҳаларда катта ишлар амалга оширилмоқда. Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ҳамда Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. Республика Маънавият ва маърифат маркази тизимидаги ходимлар сони икки карра оширилди, уларни моддий рағбатлантириш чоралари кўрилди.

Фракция раҳбари Алишер Қодиров қайд этганидек, йиғилишда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар таъбир жоиз бўлса, партиянинг 2024 йилги парламент сайловидаги дастурининг мазмун-моҳиятини ташкил этади. Зеро, давлат раҳбари маърузасида «Миллий тикланиш» партияси илгари суриши мумкин бўлган концептуал ғоялар тўлалигича акс этган.

Айниқса, давлатимиз раҳбарининг Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган бир пайтда миллат фидойилари бўлган зиёлиларнинг жасорат билан майдонга чиқишлари ҳақидаги фикрлари бугунги шиддатли ўзгаришлар, миллий қадриятлар ва қардриятсизликлар тўқнашаётган нозик чорраҳаларда юзага келаётган тўқнашувлар даврида уйғоқ қалбли зиёлиларимиз зиммасидаги масъулиятни яна бир бор эслатгандек бўлди.

Президентимиз жадидлар ҳақида гапира туриб, замонавий илм-фанни эгаллаган ва айни пайтда миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрларни сув ва ҳавога қиёсладики, бу яқин истиқболдаги режаларимизни қайта-қайта тафтиш қилиш лозимлигини англатади.

— Шу маънода ҳам, миллий ғояни ривожлантиришга доир Президентимиз ташаббуслари «Миллий тикланиш» партияси учун устувор масалаларнинг устуворига айланиши шарт, – деди А.Қодиров.

Йиғилишда фракция аъзолари сўзга чиқиб, давлат раҳбари нутқига ўз муносабатини билдирди ва депутатлар олдидаги устувор вазифалар ҳақида гапирди. Бу борада қилинадиган вазифалар белгилаб олинди.

Шундан сўнг, фракция аъзолари «Камбағалликни қисқартиришда тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга қаратилган чора‑тадбирлар белгиланганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимининг самарадорлигини ошириш доирасида камбағалликни қисқартириш, шунингдек, кам таъминланган оилалар аъзоларининг бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, солиқ имтиёзлари ва преференциялар, хусусан, солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ва пасайтирилган солиқ ставкаларини белгилаш орқали тадбиркорлик субъектларини камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларга фаол жалб қилиш мақсадга мувофиқ.

Фракция аъзолари қонун лойиҳасини муҳокама қилиш давомида уни янада такомиллаштириш бўйича бир қатор таклифлар берди. Лойиҳадаги айрим нормалар юзасидан асосли саволлар кўтарилди. Қонун ташаббускорлари берилган ҳар бир савол бўйича асосли тушунтиришлар бериб ўтдилар.

Уларнинг айтишича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш, шунингдек, Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишига ва аҳоли бандлигининг ўсишига, камбағалликни қисқартиришга хизмат қилади.

Қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер