Маънавий хазинага йўл топган бола

12:11 05 Апрель 2018 Маданият
2789 0


Иброҳимжон Ғаффоров 2 март куни Хатирчи туманидаги фаоллар зали минбаридан тушаркан, унинг Юртбошимиз билан мулоқотини ҳаяжон ила кузатаётган иштирокчилар кўнглидан беихтиёр бир савол ўтган бўлса, ажабмас.

— Ким экан у, кимнинг боласи?

Иброҳимжоннинг падари бузруквори Қобил Абдуллаев “Навоийазот” акциядорлик жамиятида машинист бўлиб ишлайди. Онаси Шарифа Абдуллаева — уй бекаси. Улар Кармана туманидаги Айрончи маҳалласида истиқомат қилишади.

Мабодо, Абдуллаевларнинг уйи қидириб борилса, дуч келган маҳалла аҳлидан “Ўғли ғазалхон Қобилнинг хонадони”, дея сўралгани маъқул. Шунда яқиндагина қуриб битказилган шинам ҳовлини кўрсатишади. Дарвозахонада турган “Спарк” автомашинасига “Президент совғаси” деган сўзлар битилган.

Ҳовлидаги саранжом-саришталик ушбу оила аъзоларининг ижод ва нафосатга яқинлигидан далолат беради. Кафтдеккина томорқага дид билан ишлов берилган. Албатта, бундай муҳитда тарбия топган бола гўзалликка интилади. Китобга ошно тутиниб, келажагини ўз имкониятларидан ахтаради.

— Иброҳимжонга тўрт ёшлигидан ҳар оқшом эртак ўқиб берардим, — дейди унинг онаси Шарифа Абдуллаева.

— Уч-тўрт китобимиз ёд бўлиб кетганди. Мудраб бораётганида атайин бир-икки хатбошисини ташлаб ўқийман. Уйқу тўла кўзларини очиб, эртакнинг мен қолдириб кетган бўлагини ёддан айтиб, тўғрилаб қўярди.

“Болаликда олинган билим — тошга ўйилган нақш”, дея бежиз таърифланмайди. Шу сабаб юртимизда келажак авлод таълим-тарбиясига қаратилган эътибор эндиликда мактабгача таълим муассасаларини ҳам қамраб олиб, комил инсон зийнатларини мазкур даргоҳлардаёқ шакллантириш кўзда тутилмоқда. 

Қаҳрамонимизнинг болалиги тенгқурлариникига ўхшаш. Фарқи шундаки, озгина қизиқиш ҳам аниқ мақсадлар сари йўналтирилган.

— Иброҳимжон тўгарагимизга илк бор келганида учинчи синфда ўқирди, — дейди “Кармана овози” газетаси қошидаги “Чашма” ёш ижодкорлар тўгараги раҳбари Одил Ҳотамов. — Сермулозамат болакайнинг машқларини кўздан кечириб, ўқиган китоб-ларини сўрадим. Жавобидан сюжетга қизиқувчанлигини англаб, беш-олти асарни тавсия этдим. Шуларни мутолаа қилса, ёзувчи ёки шоирнинг бадиий маҳоратидан баҳра олишини уқтирдим.

Кўп ўтмай, Иброҳимжон оддий китобхондан ижодкорга айланди. Кечалари қўнғироқ қилиб, асарларда учратган ташбеҳ ва топилмаларини баҳам кўра бошлади. 

И. Ғаффоровнинг камолотида биринчи ўқитувчиси Нилуфар Остонова ҳамда синф раҳбари Орзигул Нурматованинг муносиб ҳиссалари бор. Муҳими, ҳар иккиси ҳам оддийгина педагог бўлиб қолмасдан, шеърий машқларини даврий нашрларда мунтазам чоп этиб турадиган ижодкор устозлардан.

— Навоийнинг “Эл нетиб топқай мениким, мен ўзимни топмасам”, деган шоҳ сатрларини илк бор устозларимдан тинглаб, ҳазрат шеъриятига қизиқишим ортди, — дейди И. Ғаффоров. — Шунинг баробарида, шоир асарларида илгари сурилган ғоялар мени фаолликка, вақтнинг қадрига етишга ундади. Ҳазрат ғазалларини тушуниш қийин кечиб, устоз Одил Ҳотамов тавсиясига кўра, қайта-қайта ҳижжалаб ўқирдим. Шу тахлит шоирнинг юздан ортиқ ғазаллари ёд бўлиб кетди.

“Соғ танда — соғлом ақл”, дейди халқимиз. Иброҳимжон синфдоши Исожон -Отақуловнинг ундови туфайли спортнинг қўл жанги тури билан ҳам шуғулланади. 2015 йилда мазкур спорт тури бўйича тенгдошлари орасида тенгсиз бўлиши, яъни мамлакат чемпионлигини қўлга киритиши шунчаки омад эмас, балки тинимсиз машғулотлар самарасидир.

Бу йил 15 ёшни қаршилаган Иброҳимжон вилоятда Алишер Навоий таваллудининг 577 йиллиги муносабати билан ўтказилган II анъанавий халқаро конференция доирасидаги танловда ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси — “Спарк” автомобили билан тақдирланди.

Ўз-ўзига талабчанлик — инсон камолотининг гарови. И. Ғаффоров сингари ёшлар эса юрт таянчи, эл ғурури. Ватан келажаги уларнинг бахту камоли билан белгиланади. Президентимиз ғамхўрликлари туфайли бу авлод наинки эрта, бугуннинг ҳам фаол соҳибларига айланаётгани кишини қувонтиради. 

Темур ЭШБОЕВ, 
«Халқ сўзи» мухбири.


 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер