Мактабни ўғил бола синфдошсиз битирган 6 дугона
Фото: Халқ сўзи
Сирдарё вилояти Боёвут тумани Мингтерак қишлоғидаги 49-умумтаълим мактабининг бор-йўғи 77 нафар ўқувчиси бор. Мактабда ҳар бир синфда ўртача 8 ўқувчи ўқийди, ҳатто 4 ўқувчили синф ҳам бор. Бу йил мактабни битираётганлар эса 6 нафар ва уларнинг ҳаммаси қизлар. Мактабни ўғил бола синфдошсиз битираётган қизларнинг бари тўкис-тугал аълога ўқиган ва турли олий ўқув юртлари талабалари бўлиш ниятида.

Ушбу мактаб мўъжаз бўлсада, унинг ибрат олгулик жиҳатлари бор. Улардан энг эътиборлиси, она тили, математика, тарих фанлари бўйича юқори баҳоларга ўқиётган болаларга ҳар чоракда стипендия берилишидир.
Мазкур стипендияни шу мактабнинг собиқ ўқувчиси,«Тасвирий ойина» ижодий уюшмасининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Ҳакимжон Юнусов ўз ҳисобидан ташкил этган. Ва у бир марталик ё бир йиллик эмас, кўп йиллардан буён мунтазам амалга ошириб келинаётган, маърифатга йўналтирилаётган рағбат сифатида кўпчиликка намуна бўлаётир.

Ҳакимжон Юнусов бу галги, сўнгги чорак стипендиялари қаторига 25 тадан зиёд номинациялар ҳам қўшгани таҳсинга лойиқ. Бу номинацияларга кўра нафақат аълочи ўқувчилар, балки ўқитувчилар, ота-оналар, умуман, мактаб ишига муносиб ҳисса қўшаётган турли вазифадаги ходимлар, жамоатчилик вакилларининг меҳнатлари ҳам муносиб эътироф этилди. Зеро маърифатга йўналтирилган ҳомийлик энг хайрли ишдир.
«Сўнгги қўнғироқ»да узоқ тарихга эга қўнғироқ намойиш этилди

Мазкур мактабнинг тарихи етмиш йилни қоралаяпти. Чекка, овлоқ қишлоқ Мирзачўлни ўзлаштириш йилларида пайдо бўлган. Лекин мактаб музейида бир вақтлар чалинган қўнғироқ борки, унинг тарихи бир неча юз йиллик бўлса, ажаб эмас. Чунки у аслида сарбон туяси бўйнига осилган қўнғироқ ҳисобланади. Айтишларича, мазкур осори атиқани қачонлардир шу қишлоқлик кимгадир карвон йўловчилари туҳфа қилган. Ва у вақти келиб айни мактабнинг қўнғироғига айланган ҳамда узоқ йиллар давомида ўқувчиларни илм олишга чорлаган.
Ҳа, бепоён далалар оғушидаги Мингтеракнинг кичкина мактабида илму маърифат ривожи йўлида чалинган, хоҳ қадимги ва хоҳ янги қўнғироқлар бўлсин, уларнинг оҳангида уйғунлик, замонлар оша ўзгармас ва ягона – илму маърифат карвонига равон йўл кўрсатишдек эзгу мақсад мужассам.
Аҳмадали ШEРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг