Мактабгача таълим: кеча ва бугун
Фото: Халқ сўзи
Илгари мактабгача таълим муассасалари иш билан банд ота-оналарнинг фарзандлари учун ташкил этилган, соат 7.00 дан 19.00 гача фаолият кўрсатувчи маскан сифатида қаралган. Чунки болалар эҳтиёжидан кўра жамиятнинг ишчи кучи манфаати устувор тутилгани бор гап. Бошқачароқ айтсак, боланинг жисмонан ва руҳан уйғунликдаги улғайиши, дунёни англаши, қизиқишлари номигагина қаноатлантирилар, тизимга масъул Халқ таълими вазирлиги бунга кўп ҳам иштиёқманд эмас эди.

Фикримизни Зарафшон шаҳри мисолида асослайдиган бўлсак, 2020 йилга қадар шаҳардаги мактабгача таълим муассасаларининг аксарияти НКМК Шимолий кон бошқармасининг тасарруфида бўлиб, тизим ва унинг инфраструктурасидаги мутахассисларнинг фарзандлари биринчи навбатда қабул қилинар эди.
— Бугун шаҳримизда 37 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд, — дейди Зарафшон шаҳар МТБ бошлиғи Мавлуда Турсунова. — Шундан 18 таси давлат, 15 таси оилавий, 3 таси давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат МТТ дан иборат. Шаҳримизда 3-7 ёшли болалар 7084 нафарни ташкил қилиб, бугунги кунда уларнинг 6982 нафари, яъни 98,6 фоизи мактабгача таълим тизимига қамраб олинган.
Яқин истиқболда Зарафшонда болаларни мактабгача таълим тўлиқ қамраб олишнинг барча имкониятлари мавжуд. Айни кунлардаги вазифа эса шаҳардаги МТТларда таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳа ходимларининг малака ва тажрибасини оширишдан иборат.
Навоий вилоят мактабгача таълим бошқармаси ҳамда Журналистлар уюшмаси Навоий вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган пресс-турда ОАВ вакиллари Зарафшон шаҳридаги МТТлар фаолияти билан яқиндан танишдилар. Хусусан, Навоий кон-металлургия комбинати ҳомийлиги асосида барпо этилган «Умид» номли реабилитация марказига эга кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилоти журналистлар эътиборини тортди. Ушбу муассасанинг қурилиш ва жиҳозлаш ишларига 31 млрд. 600 миллион сўм маблағ сарфланган. Махсус жиҳоз ва тиббий ускуналари билан таъминланган. Уч блокдан иборат бинонинг ҳар бирига лифтлар ўрнатилган. Футбол майдончаси, бассейн, сунъий қопламали болалар майдончалар мавжуд.
— Машғулотлар белгиланган дастур асосида гуруҳлар бўлинган ҳолда олиб борилади, — дейди МТТ мудираси Дилафрўз Файзиева. — Тарбияланувчиларимиз имконияти чекланган болалар бўлганлиги сабаб асосий эътиборни уларнинг ҳар бир интилиши, эришган натижасини рағбатлантириш орқали тезроқ соғлом тенгқурлари сафига қўшишга қаратамиз.
Муассасамиз 72 ўринга эга бўлиб, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ ва Томди туманларидан 41 нафар мактабгача ёшдаги имконияти чекланган ўғил-қизлар тарбияланяпти.
Шундан сўнг пресс-тур иштирокчилари шаҳардаги бир қатор давлат ҳамда оилавий МТТда бўлдилар. Чунончи, давлат-хусусий шериклиги асосидаги «Шодон болажон» МТТ 2019 йилда тадбиркор Вазира Алмуротова томонидан ташкил этилган. 125 ўринга мўлжалланган муассасада 20 нафар малакали мутахассис томонидан тарбияланувчиларга 6 та гуруҳда ментал арифметика, инглиз тили, шахмат, бадиий гимнастика каби тўгаракларда қўшимча машғулотлар ташкил этилган.

Тадбир доирасида ОАВ вакиллари учун вилоят МТБ томонидан матбуот анжумани ташкил этилиб, унда бошқарма бошлиғи соҳадаги ислоҳотлар натижасида тизимдаги бошқарув механизми такомиллашувининг самаралари, шунингдек, нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш тизими ҳамда соҳа учун кадрлар тайёрлаш сиёсатидаги ислоҳотлар бўйича батафсил маълумот берди.
— Вилоятимизда давлат ва нодавлат МТТлар сони 2017 йилда бор-йўғи 132 та ташкил этган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 1 минг 158 тага, 3-7 ёшдаги болаларни қамраб олиш эса 34.1 фоиздан 80.9 фоизга етди, — дейди Навоий вилоят МТБ бошлиғи Ўткир Тиллаев. - Қамров билан бирга тизимда таълим беришнинг муқобил шаклларидан ҳам кенг фойдаланилмоқда. Хусусан, 2020-2022 йиллларда барча ҳудудларда 6 ёшли болалар учун 342 та бир йиллик бепул мажбурий мактабга тайёрлов гуруҳлари ташкил этилиб, улар орқали 6 минг 997 нафар бола мактабларга кузатилди.
Вилоятдаги МТТ кадрлари салоҳиятига тўхталадиган бўлсак, давлат мактабгача таълим ташкилотларида 2017 йилда жами педагог ходимларнин г24,2 фоизини олий маълумотли мутахассислар ташкил этарди. Жорий йилнинг сентябрь ҳолатига бу кўрсаткич 2.5 бараварга ошди.
— Вилоятимизда мактабгача таълим-тарбия самарадорлиги ва педагог кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида вилоят мактабгача таълим бошқармаси режасига мувофиқ ўқув семинар-тренинглари, «Педагогик коучинг» фаолияти ва қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилмоқда, — дейди бошқарма матбуот хизмати раҳбари Хуршида Нарзиева. — мактабгача таълим муассасаларимизда турли ўйинларга асосланган ҳолда таълим-тарбия бериш, болаларни жисмоний, маънавий, психологик ва интеллактуал ривожлантириш, дунёқарашини шакллантириш, иқтидор қирраларини аниқлаш ва ўстиришда ота-оналар билан ҳамкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Мақсад мулкчилик шаклидан қатъи назар, ҳар бир МТТ томонидан давлатнинг мактабгача талаб соҳасида ягона сиёсатини таъминлашдир.

Таъкидлаш жоиз, мактабгача таълим муассасалари қамровининг оширилиши, айниқса, қишлоқ шароитида яшайдиган болалар тарбиясида муҳим ҳаётий эҳтиёж. Шу боис қамров даражаси паст Нурота, Навбаҳор, Конимех, Хатирчи туманларининг давлат МТТлари мавжуд бўлмаган чекка қишлоқларида махсус тайёрланган ва жиҳозланган 9 та мобил майдончаларда 19 та мобил гуруҳлар ташкил этилди. Ҳар бир ҳудудга биттадан махсус жиҳозланган автобуслар («Ақлвой» мобил МТТ)ажратилди. Натижада жами 323 нафар 3-7 ёшли болаларга бепул таълим хизматлари кўрсатилиши таъминланмоқда.
Бир сўз билан айтганда, бугун мактабгача таълим тизими тамомила янги мақомда таълим ва тарбияда ота-оналарнинг яқин ҳамкорига айланмоқда. Боиси, мактабгача таълим муассасалари ёш болали оилаларнинг меҳнат қилишга оид конституциявий ҳуқуқини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш билан бирга мактаб ёшигача бўлган болаларнинг умумий саводини чиқариш, болаларда Ватанни севиш, ғурурланиш ҳиссини уйғотиш, дунёқарашни кенгайтириш масканига айланмоқда.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг