Мактабда муҳташам сайилгоҳ

16:51 20 Апрель 2022 Жамият
887 0

Фото: Халқ сўзи

Фарғона тумани Бувайда туманидаги Оққўрғон қишлоғи халқимизнинг ардоқли ёзувчиси Абдулла Қаҳҳор, аския санъати дарғаси Муҳиддин қизиқ Дарвешев, ўнлаб атоқли илм-фан намояндаларига бешик бўлган маскан.

Қолаверса, Оққўрғон шираси тилни ёрар анжири, хушхўр қулупнайи билан ҳам юртимизда машҳур. Қишлоқ аҳли деҳқончилик ва ҳунармандчиликда асрий анъаналарни давом эттириб келмоқда.

Бувайда тумани 2-сонли касб-ҳунар мактаби айнан шу қишлоқда жойлашган бўлиб, таълим даргоҳининг 3,5 гектар ерида бир қарич ҳам бўш ерни кўрмайсиз. Боғда олма, гилос, шафтоли, беҳи, олхўри, хурмо сингари мевалар шарбатга тўлиб пишади. Боғ орасига турли кўкатлар, тўқсонбости экинлари, эртаги картошка, сабзи экилади.

Шу кунларда мактаб ҳовлисидаги иссиқхонада бодринг пишди. Лимон кўчатлари ҳадемай ҳосилга киради.

— Мактаб боғи, иссиқхоналар 7 та йўналишда ўқиб, касб-ҳунар ўрганаётган 600 нафар йигит-қизлар учун ўзига хос амалиёт вазифасини бажаради, — дейди мактаб директори Мухтор Қорабоев. — Даромадларимизни йиғиб, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида яқинда мактаб ҳудудида мўъжазгина сайилгоҳ ташкил этдик.

Сайилгоҳдаги мусиқали фаввора, камалак рангда товланадиган чироқлар, ноёб манзарали дарахтлар, анвойи гуллар ифори кайфиятингизни кўтаради. Бу жой каттаю кичик оққўрғонликлар учун севимли манзилга айланди.

Ботир Мадиёров, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер