Мактаб ва олийгоҳ ҳамкорлиги: ТДАУда Қибрай тумани мактаб жамоалари билан “Очиқ эшиклар куни” учрашув бўлиб ўтди

23:10 28 Март 2026 Илм-фан
699 0

Тошкент давлат аграр университетида мактаб ва олий таълим муассасалари ўртасидаги узвийликни мустаҳкамлашга қаратилган “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди. Тадбирда Қибрай туманидаги умумтаълим мактаблари директорлари иштирок этиб, университетда яратилган замонавий шароитлар, ўқув жараёнлари ва талабалар томонидан тайёрланган “Art galeriya” ижодий ишлар кўргазмаси билан яқиндан танишдилар. Меҳмонларда айниқса илғор технологиялар билан жиҳозланган лабораториялар ва инновацион ўқув аудиториялари катта таассурот қолдирди.

Учрашувнинг асосий эътибори абитуриентларни олий таълимга сифатли тайёрлаш масаласига қаратилди. Шу мақсадда университетда ташкил этилган кимё, биология, математика, физика ва инглиз тили фанлари бўйича интенсив тайёрлов курслари ҳақида батафсил маълумот берилди. Таъкидлаш жоизки, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун ушбу курсларнинг мутлақо бепул эканлиги ҳамда курсларни муваффақиятли тамомлаб, юқори балл билан ўқишга кирган абитуриентларнинг 10 фоизига контракт тўловининг 50 фоизи қоплаб берилиши ёшларни қўллаб-қувватлашнинг муҳим механизми сифатида эътироф этилди.

Шунингдек, университет ректори Нарзулло Обломурадов билан бўлиб ўтган очиқ ва самимий мулоқот давомида ўқувчи ва ўқитувчиларга олийгоҳда йўлга қўйилган халқаро қўшма таълим дастурлари, грант имкониятлари ҳамда қишлоқ хўжалигининг бугунги кундаги нуфузи ҳақида батафсил маълумот берилди. Ректор ўз нутқида замонавий аграр соҳа нафақат дала ишлари, балки юқори технологиялар ва рақамли ечимлар уйғунлиги эканини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Талабалар учун қўшимча ўқув бинолари ва замонавий спорт объектлари қурилаётгани ҳамда улар яқин вақт ичида фойдаланишга топширилиш арафасида эканлиги қайд этилди. Ушбу учрашув мактаб битирувчилари учун замонавий аграр соҳа нуфузини англаш ва келажакдаги касбий йўналишларини аниқ белгилаб олишда муҳим қадам бўлди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер