Мактаб ўқувчиси ёшларга мураббийлик қилмоқда
Истам ИБРОҲИМОВ«Халқ сўзи». Кейинги пайтда Бухоро шаҳридаги 12-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Диёра Ўринбоевани сўроқлаб келаётганлар кўпайиб қолди. Улар орасида хотин-қизлар фаоли-ю ҳоким ёрдамчисидан тортиб оддий фуқароларгача бор. Бунга Диёранинг ҳунари сабаб бўлмоқда.
— Мунчоқдан аёлларбоп сумкалар тўқиш сир-асрорларини ўрганиб кам бўлаётганим йўқ, — дейди Алпомиш маҳалласида яшовчи қаҳрамонимиз. — Бу иш билан дарсдан сўнг шуғулланаман. Ҳозиргача турли дизайндаги сумкаларнинг 88 турини ўзлаштирдим. Дастлаб ўзим учун бир-иккита сумка тўқигандим. Ҳоли-жонимга қўймай сотиб олишди. Шундан сўнг менда бу ҳунарни кичик бизнесга айлантириш фикри туғилди. Оилавий тадбиркорлик билан шуғулланадиган ота-онам, мактабимиздагилар қўллаб-қувватлашди. Ҳозир билим даргоҳимизда ўз тўгарагимни очганман. Ўн-ўн беш ўқувчи билан ҳафтада икки кун машғулот ўтаман. Бундан ташқари, вилоят Ёшлар марказида санъат йўналишига қизиқадиган тенгдошларимга сардорлик қиляпман.

Айтмоқчи, биз Диёрани Ёшлар марказида ташкил этилган “Лойиҳалар ярмаркаси”да учратиб қолдик. Одатдагидек, у тўқиган, ҳар бирининг баҳоси 120-140 минг сўм турадиган бежирим совғабоп сумкалар тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Кўп ўтмай ҳунар ортидан даромад топиб ота-онасининг яқин кўмакчисига айланаётган мактаб ўқувчисининг маҳсулотларига харидор чиқди. “Бизнинг маҳаллада тўгарак очсангиз” деган бир неча таклиф ҳам тушди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг