Майданакда туристик зонасига тамал тоши қўйилди

16:04 30 Октябр 2023 Жамият
298 0

Фото: Халқ сўзи

Қамаши туманининг Катта ўра маҳалласи туман марказидан 80 километр узоқликда, денгиз сатҳидан 2700 метр баландликда жойлашган. Маҳалланинг ҳамма томони Ҳисор тоғ тизмаларининг пурвиқор қоялари билан ўралган бўлиб, ана шу баландликлар орасидаги 7 та қишлоқда 3 мингдан ортиқ киши истиқомат қилади.

Катта ўранинг бир ёни Деҳқонобод туманининг тоғли қишлоқлари билан чегарадош, яна бир томони эса Майданак обсерваторияси жойлашган чўққи билан туташган.

Туман Марказидан Катта ўра томон йўлга чиқар экансиз, машҳур Лангар ота қишлоғи ва шу номдаги зиёратгоҳ жойлашган ҳудуд, яна қатор тоғ қишлоқларидан ўтиб борасиз. Бу қишлоқларнинг ҳар бири ўзига хос табиат гўзалликлари, кишига экстремал саёҳат завқини улашувчи тоғ манзараларни мужассам этган.

Авваллари Катта ўра маҳалласи ёки Майданак обсерваториясига бориш осон иш эмасди. Ёз кунлари ҳам носоз тоғ йўлларида ҳаракатланиш катта машаққат талаб этар, ёғин-сочинли кунларда эса бу йўллардан махсус техникаларсиз юриб бўлмас, қишлоқ ташқи оламдан деярли узилиб қоларди.

Бироқ сўнгги йилларда вазият ўзгарди. Тегишли дастурлар доирасида ушбу тоғ қишлоғига олиб борувчи йўллар, кўприклар таъмирланиб, автомобилларнинг хавфсиз ҳаракатланиши учун шарт-шароит яратилди. Йўл бўйларида замонавий хизмат кўрсатиш шохобчалари, меҳмон уйлари, кичик туристик манзиллар барпо этилди.

Эндиликда эса Катта ўра маҳалласи ҳар томонлама ривожланган, гавжум туристик ҳудудга айланади.

Жорий йилнинг 24-25 октябрь кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Майданак обсерваторияси жойлашган ҳудудда туризм зонаси барпо этиш лойиҳаси билан танишиб, лойиҳани амалга ошириш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

Шунга асосан, Бош Вазир ўринбосари Очилбой Раматов ҳамда вилоят ҳокими Муротжон Азимов иштирокида туристик зонанинг илк тамал тоши қўйилиб, қурилиш-бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди.

— Бу ўзгаришлардан маҳалламиз аҳли жуда мамнун, — дейди Катта ўра маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси Зокир Рўзибоев. — Маҳалламизда қўл меҳнати ёрдамида турли маҳсулотлар тайёрлайдиган ҳунармандлар кўпчиликни ташкил этади. Келгусида улар ўз маҳсулотларини маҳаллий ва хорижий туристларга тўғридан-тўғри реализация қилиш имконига эга бўлишади. Эндиликда бу ишни янада ривожлантирмоқчимиз. Шунингдек, гастрономик туризмни ривожлантириш бўйича ҳам катта салоҳиятимиз бор. Бу салоҳиятларни ишга солиш учун кенг имконият яратиб берилмоқда.

Лойиҳага кўра, умумий майдони 58,6 гектар ҳудудни эгаллайдиган Майданак туризм зонасида 4830 метр узунликдаги дор йўли, 3 километр узунликка эга тоғ-чанғи комплекси, меҳмонхона, маданий соғломлаштириш мажмуаси ва бошқа кўплаб хизмат кўрсатиш объектлари бунёд этилади. Шунингдек, Фанлар академияси тавсияси асосда обсерватория мукаммал таъмирланиши режалаштирилган.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер