Маҳаллий йўлдош алоқа турларини кўпайтириш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятларини яратиш назарда тутилмоқда
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига олис ҳудудларда Интернет ва алоқа қамровини ошириш учун шароитларни кенгайтиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан маҳаллий йўлдош алоқа тармоғини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш учун мавжуд давлат божларини камайтириш орқали маҳаллий йўлдош алоқа турларини кўпайтириш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятларни яратиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳасида таклиф этилаётган нормалар маҳаллий йўлдош алоқанинг янада ривожланишига ва тадбиркорлик фаолияти субъектлари учун кенг кўламли имкониятлар вужудга келишига, уларнинг йўлдош алоқа тармоғини қуриш учун зарур харажатлари камайишига хизмат қилади.
Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали Ўзбекистон Республикаси ҳудудида замонавий йўлдош алоқа тизимларидан фойдаланиш учун рухсат бериш тартиби белгиланади. Республикамиз ҳудудига йўлдош алоқа тизимлари ускуна ва терминалларни қонуний асосда олиб кириш ва фойдаланишга имконият яратилиб, йўлдош алоқа тизимларини қонуний асосда тезкор-қидирув тадбирлари тизимларига уланиш масалалари ҳуқуқий ечимини топади.
Қизғин давом этган савол-жавоблардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг