Маҳаллалар ободлиги — юрт кўрки
Давлатимиз раҳбари топшириғига асосан тузилган Республика ишчи гуруҳи Фарғона вилоятида «Обод хонадон», «Обод кўча», «Обод маҳалла» мезонларини жорий қилиш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Айтиш жоизки, ишчи гуруҳ томонидан Қўқон шаҳрининг 19 та маҳалласида аҳоли муаммолари ва ижтимоий-иқтисодий масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш, бандликни таъминлаш, камбағалликни қисқартириш ҳамда маҳалла еттилиги фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан амалий ишларни бошлаб юборишди.
Ўрганишлар давомида аҳоли томонидан 1,1 мингдан зиёд масала бўйича мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг деярли 50 фоизга яқини қисқа муддатларда бартараф этилди.
Жумладан, мурожаатлардан келиб чиққан ҳолда маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида 13 та ижтимоий соҳа объекти атрофлича ўрганилди. Аниқланган муаммоли 16 та масала бўйича таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларига киришилди.
Бундан ташқари, ички йўллар ҳолатини яхшилаш мақсадида 2 км масофа асфальтлаштирилиб, 10 кмга яқини шағаллаштирилди. Хонадонларнинг электр таъминотини яхшилаш учун 1 та янги ТП ўрнатилиб, 3 таси таъмирланди, 8 км йўл бўйига янги темир-бетон таянчлар ўрнатилди.
Маҳалла еттиликлари билан ҳамкорликда «Сайхунобод тажрибаси» асосида 5 та микролойиҳа амалга оширилди, натижада юзга яқин фуқаро доимий иш билан таъминланди.
Президент Халқ қабулхонаси ва маҳалла еттилиги тавсияси билан «Кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш», «Оилавий тадбиркорлик» ҳамда «Бизнесга биринчи қадам» дастурлари доирасида 73 нафар фуқарога 1.4 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит ва микроқарзлар ажратиб берилди.
Ўрганишлар давомида аниқланган 509 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга манзилли ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, 4 нафар оғир шароитда яшаётган фуқаронинг хонадони таъмирлаб берилмоқда, 350 дан зиёд оғир шароитда яшаётган фуқароларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Шу билан бирга, Халқ қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар асосида 130 нафар фуқарога бепул дори-дармонлар, 14 нафарига ногиронлик аравачалари етказилди, 39 нафарига даволаниш учун бепул ордер берилди.
Республика ишчи масъуллари ва маҳалла еттилиги иштирокида 59 та ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш чоралари кўрилди, 50 та нотинч оилалардаги низоларга барҳам берилди, 10 нафар фуқарога тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя ордери берилди.
Республика ишчи гуруҳи фаолияти давом этмоқда.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг