Маҳалладаги ДХМ филиали

08:43 29 Июнь 2020 Жамият
1065 0

Наманган шаҳридаги «Орзу» маҳалла фуқаролар йиғинида 12 та МФЙ жойлашган бўлиб, улар шаҳар марказидан 10-15 километр узоқликда жойлашгани боис, давлат хизматларидан фойдаланишда йўл олислиги сезилаётган эди. Бу ерда кейинги пайтда барпо этилган ижтимоий иншоотлар орасида ДХМнинг филиали биноси ҳам бўлиб, унинг битказилиши юқоридаги муаммога чек қўйди.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, кейинги бир йил давомида Наманган шаҳар давлат хизматлари марказига 757 956 нафар фуқаро ташриф буюргани кўзга ташланади. Янги филиал очилиши билан эндиликда 87 мингдан ортиқ фуқаро марказга келишининг олди олинади. 

— Давлат хизматлари кўрсатиш маркази филиали ташкил этилгани маҳалладошларимизга катта қулайлик яратди, — дейди «Орзу» МФЙ раиси Аҳмаджон Мавлонов. — Йўл яқин бўлди, вақтдан ютяпмиз. Очиғини айтганда, фуқароларимизга авваллари ДХМда бирор бир ишни битириш учун шаҳарга тушишга, кун бўйи вақт сарфлашига тўғри келарди. Мана энди зарур юмушни шундоққина уйимиз рўпарасида бажариш имконияти туғилди.

Филиалдаги қулайликлардан яна бири бинода банк шохобчаси ҳам жойлашган. Унда ўрнатилган банкомат мижозларга хизмат кўрсатишни бошлади.

Яна бир жиҳат, ҳудудда 405 та оила учун қурилаётган замонавий уй-жойларнинг ҳужжатлари энди марказда эмас, балки, мана шу филиалда расмийлаштириладиган бўлди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер