Маҳаллада ситуацион марказ ишга туширилди
Фото: “Халқ сўзи”
Тупроққалъа туманининг Муҳаббат маҳалласи жиноятчилик кўрсаткичлари юқори бўлгани учун “қизил ҳудуд” тоифасига киритилган. Маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш мақсадида туман ички ишлар бўлими томонидан маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратиляпти.
— Маҳалладаги 6 та кўчага қўшимча 82 та тунги ёриткичлар ва 45 та кузатув камераларини ўрнатиб, янги ташкил қилинган ситуацион марказга уладик, — дейди профилактика катта инспектори Анвар Рўзимов. — 2-босқичда кузатув камералари сонини 90 тага етказиш мўлжалланган. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги ташаббуси билан маҳалла профилактика инспекторларига ёрдамчи сифатида аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 5 нафар жамоатчи ходим жалб қилиниб, хизматда фойдаланиш учун электрскутерлар билан таъминланди.
Шунингдек, “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили асосида низоли ва нотинч оилалар, ота-она назоратисиз қилган болалар, ёт ғоялар таъсирига тушган ёшлар билан ишлаш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Одилбек Одамбоев, “Халқ сўзи”.
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг