Маҳаллада ишсизликка барҳам берилмоқда

15:08 17 Май 2022 Жамият
540 0

Фото: Халқ сўзи

Андижон вилоятида мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш ва шу орқали ишсизликка барҳам бериш борасида намуна бўлаётган маҳаллалар сафи кенг. Булоқбоши туманидаги «Тошкечик» маҳалла фуқаролар йиғини шулардан бири.

Бу ерда яшовчи Қудратилло Баратов ўз хонадонида оилавий корхона ташкил этиб, беш нафар маҳалладошини иш билан таъминлади.

— Тижорат банки орқали кредит маблағи олиб, тикувчилик цехини очдик, — дейди Қудратилло Баратов. — Ҳозирда кичик жамоамиз билан турли ўлчамдаги кийим-кечакларни ишлаб чиқаряпмиз. Маҳсулотимиз ички бозорда харидоргир.

Ушбу маҳаллада яшовчи Маҳлиё Сатторова билан Машҳура Ўринова нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиб, 50 нафар болажонни боғчага қамраб олди.

— Авваллари бундай шароит бўлмаган, — дейди Машҳура Ўринова. — Маҳалладошларимиз ичида муносиб иш топа олмай юрганлар кўп эди. Ҳозирга келиб уйдан чиқмаган ҳолда даромад топиш имкониятлари яратилмоқда. Бунинг учун қулай шароит ва молиявий кўмакнинг аҳамияти катта бўляпти.

Маҳалла одамларининг ҳаётидаги бу ўзгаришларда ҳоким ёрдамчи ҳиссаси бор, албатта. Айнан ҳоким ёрдамчиси томонидан хонадонбай ишлаш тизими орқали ҳар бир оиланинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати ўрганилиб, ҳар кимнинг имконияти ва ихтиёрига кўра молиявий кўмак бериш ишлари йўлга қўйилди.

— Жорий йилнинг биринчи чорагида 69 нафар ишсиз фуқаро доимий даромад топиш имкониятига эга бўлди, — дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Мансурбек Абдуллаев. — 19 нафар фуқарога 10 йил муддатга экин экиш учун ер майдони ажратиб берилди. 30 нафар фуқарога боғдорчилик, паррандачилик, иссиқхона, тикувчилик, ҳунармандчилик йўналишларида тадбиркорлик қилиш ва ривожлантириш учун 499 миллион 880 минг сўмлик имтиёзли кредитлар расмийлаштирилди. Бу билан нафақат уларни, балки бошқа маҳалладошларни ҳам ишли қилишга эришдик.

Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер