Маҳалла раиси шахсий «Кобальт»ини сотиб маҳалла биноси янгилади

17:23 11 Ноябрь 2021 Жамият
1454 0

"Бўстон" МФЙ раиси Ҳошимжон Турдибоев. Фото: "Халқ сўзи"

Қувасой шаҳри Фарғона вилояти марказидан битта қўшиқни тинглашга кетадиган вақт ичида етиб бориш мумкин бўлган масофада жойлашган. Аммо ўнлаб миллат ва элат вакиллари истиқомат қиладиган қувасойликларнинг яшаш ва турмуш тарзи ўзига хос — бундай манзарани вилоятнинг бошқа ҳеч бир ҳудудида учратмайсиз.

Қувасойнинг қўшни мамлакат билан чегара ҳудудида жойлашган «Бўстон» маҳалла фуқаролар йиғинида 2 минг 632 нафар аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла аҳли деҳқончилик, боғдорчилик юмушлари билан машғул.

2021 йилнинг ўтган даврида маҳалланинг 6 та кўчасида 3,5 км узунликда шағал ётқизиш ишлари олиб борилди, салкам 1 км қисми асфальт қилинди. Райҳон кўчасига ичимлик суви тармоғи тортилди, Қорасув кўчасидаги сув минораси қайта таъмирланди, Бўстонлиқ кўчасига сув насоси ўрнатилди. Ижтимоий соҳа объектларига 13 км масофага шиша толали алоқа кабели тортилди.

Ушбу ўзгаришлардан руҳланган маҳалла раиси Ҳошимжон Турдибоев эзгу ташаббус билан чиқди. Яқинда ўғиллари совға қилган янги «Кобальт» автомашинасини сотиб, маҳалланинг нураб ётган 65 йиллик эски бинони янгидан қуриш учун сарфлади.

— Беш фарзандим ҳам уйли-жойли бўлиб, жамиятимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилмоқда, — дейди Ҳошимжон ака. — Турмуш ўртоғим билан маслаҳатлашиб, бўлаётган ўзгаришларга ўз улушимизни қўшишни ният қилдик.

Эзгу ташаббуслар маҳалла тадбиркорларини ҳам фаолликка ундаётгани эътиборга лойиқ. Шу кунларда «Аёллар дафтари»ги киритилган 10 нафар хотин-қизни иш билан таъминлаш мақсадида тикувчилик цехи фойдаланишга топширилиш арафасида турибди.

Аммо бу билан маҳаллада ҳаммаси жойига тушди, дегани эмас. Айни пайтда «Бўстон» МФЙда қарийб 200 нафар боғча ёшидаги бола бор. Лекин ҳудудда ҳалигача мактабгача таълим ташкилоти йўқ. Спорт майдончаси бўлмагани сабабли 600 нафарга яқин маҳалла ёшлари қўшни маҳаллалардаги стадионларга, спорт тўгаракларига қатнашга мажбур бўлмоқда.

Ботир МАДИЁРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер