Маҳалла ислоҳотлар марказига айланмоғи лозим

17:14 06 Май 2021 Жамият
1177 0

Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари, аҳоли билан юзма-юз мулоқот қилиш, одамларни ўйлантираётган муаммолар, секторлар тизимида маҳаллабай ишлаш тизими асосида «Темир», «Аёллар» ва «Ёшлар» дафтарига киритилган оилалар билан олиб борилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Наманганда бўлиб турган Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги ишчи гуруҳи бугунги фаолиятини Уйчи туманидаги Баландариқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Водий ипак гилами» қўшма корхонаси билан танишишдан бошланди. Ўзбекистон - Туркия ҳамкорлигидаги мазкур корхонада асосан ипак гиламлар тўқилади. Юқори даражадаги бадиий маҳсулот ҳисобланадиган қимматбаҳо гиламлар Туркия, Греция, Англия каби давлатларга экспорт қилинмоқда. Бу ерда маҳаллий хотин-қизлардан 80 нафарининг доимий бандлиги таъминланган. Фаолият тобора кенгайиб бормоқда.Ўтган йили тикувчилик цехи ҳам ишга туширилиб, махсус ишчи кийимлар тайёрлашни йўлга қўйиш ҳисобига яна 120 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Эътиборли жиҳати, гиламдўзлар пандемия шароитида ҳам иш суръатини асло пасайтиргани йўқ. Маъмурият уларнинг катта қисмини уй меҳнати тартибига ўтказиб, зарур хом ашёни хонадонига етказиб бермоқда.

Сенат Раиси корхона фаолияти ҳамда бу ерда ишловчи аёллар ва ёшлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Унга халқаро бозорда талаб юқори бўлган совғабоп гиламлар тўқилишининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапириб беришди.

— Миллий ҳунармандчилигимиз анъаналари, жумладан, гиламдўзлик ҳам бебаҳо қадриятларимиздан, унинг унутилишига асло йўл қўймаслигимиз керак. Зеро, меҳнат ва ижод уйғунлашиб кетган бу сингари соҳалар истеъмол бозорини тўлдириш баробарида қўшимча иш ўринлари яратиш, энг аввало, хотин-қизларни банд этишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятли, — деди Т. Норбоева.

Даҳиякота маҳалласида яшовчи ўзини ўзи банд қилган фуқаро Рашидахон Маҳмудова хонадонида етиштирилаётган истеъмол қўзиқорини ишчи гуруҳи аъзоларининг эътиборини тортди. Хонадон соҳибаси янгиликка қўл урганига икки йил бўлди. У қўшни маҳаллалик тадбиркор Муаззам Сафарова билан биргаликда йил бошидан буён уч юздан ортиқ махсус қопчада қўзиқорин етиштирди. Сотувдан тушган даромад 11 миллион сўмдан ошди. Икки ишбилармон аёл қўзиқорин етиштириш бўйича тажрибаларини қўни-қўшниларга ҳам ўргатишмоқда.

— Рашида, Муаззам, фермер ҳамқишлоғимиз Маъмура Турғунова сингари ташаббускор ва ғайратли аёлларимиз қанча кўп бўлса, шунча яхши, — деди Жийдакапа маҳалласида истиқомат қилувчи Робия Қўчқорова. — Улардан ўрнак олиб, мен ҳам уйда қўзиқорин парваришлаяпман. Меҳнати унча оғир эмас, муҳими, маҳсулотни харидорларнинг ўзлари уйингиздан олиб кетишади. Килосини 15 минг сўмдан кўпроққа сотиб, яхшигина даромад топяпмиз.

Учинчи сектор ҳудудидаги Жийдакапа МФЙда фаолият кўрсатаётган «Мусахон Асалой келажаги» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Моҳидил Исоқова ҳам фаол тадбиркорлардан. У фойдаланилмай бўш турган бинони таъмирлаб, тикувчилик цехи фаолиятини йўлга қўйди. Ўтган йили Халқ банки Уйчи филиалидан 220 миллион сўм имтиёзли кредит олиб, «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари», «Аёллар дафтари» да турган хотин-қизлардан 50 нафарини доимий иш билан таъминлади. Корхонада асосан ўн турдаги кийим-кечак ҳамда болалар чойшаби тайёрланиб, маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилмоқда.

Тадбиркор қўшимча равишда яна 100 та ишчи ўрни яратиш ҳаракатида. Шу мақсадда у Наманган саноат техникуми (собиқ Жийдакапа қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи)нинг бўш турган ётоқхона биносининг биринчи қаватида 1 млрд. сўмлик тикувчилик ишлаб чиқариш кооперацияси ташкил қилиш лойиҳасини амалга оширишга киришган. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг жамғармасидан субсидия маблағи ажратилмоқда. Ётоқхона биносида таъмирлаш ишлари якунига етай деб қолди. МЧЖ раҳбари тикувчи аёллар фарзандлари учун 30 ўринли болалар боғчаси ташкил этишни ҳам бошлаб юборди.

Бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан танишиш чоғида бўш турган ётоқхона биносининг иккинчи ва учинчи қаватларини тумандаги кам таъминланган, уй-жойга муҳтож фуқароларга ажратиб бериш масаласи ўртага ташланди. Сенат раиси мутасаддиларни бу масала тегишли идоралар ҳамкорлигида ижобий ечим топишига ишонтирди.

Олий Мажлис юқори палатаси раиси Халқ депутатлари Уйчи туман Кенгаши депутатлари ва сиёсий партиялар етакчилари билан мулоқот ўтказди. Учрашув давомида маҳаллий Кенгашлар фаолияти, улар қошида ташкил этилган «Халқпарвар» комиссияларнинг ипотека кредитлари ажратилиши ва уй-жой қурилишини назорат қилишдаги иштироки, бюджет маблағларини шакллантириш ва ҳар чорак давомида ижроси юзасидан сессияларда масъуллар ҳисоботини тинглаб бориш каби муҳим масалалар юзасидан тавсиялар бериб ўтилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Янгиликлар тақвими

Кластер