Лолақизғалдоқ
Фото: Халқ сўзи
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 68 йиллигига!
«Оқ йўргакка ўрагансан ўзинг бизни,
Ҳам оқ ювиб-тарагансан ўзинг бизни.
Бешигимиз узра бедор она бўлиб,
Кунимизга ярагансан ўзинг бизни»
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг содда, бироқ ўта самимий бўлган ушбу сатрларини эти жимирламай ўқимаган, қўшиғини тингламаган киши бўлмаса керак. Сабаби, бу биз туғилган ҳовли, бизни катта қилган маҳалла, юрагимизга Ватан тафтини олиб кирган қишлоқ манзарасидир. Бизнинг болалигимиз, пошшолигимиз қолиб кетган манзилнинг сўз билан тасвирланган суратидир бу! Бизку, ушбу мисраларни ўқиб шунчалар таъсирланяпмиз, уни юрагидан, вужудидан ўтказиб ҳис қилган шоирнинг ҳолати қандай кечган экан? Аслида унга мана шундай жўшиб мадҳ этишни, ёниб сатр битишни ўргатган қишлоқнинг тасвири, у яшаган муҳитнинг таъсири қандай бўлган экан?
Шу каби саволлар бизни Муҳаммад Юсуф учун «Олтин бешик» вазифасини ўтаган Марҳамат туманидаги Қовунчи қишлоғи сари чорлади.
— Муҳаммаджонни бутун Ўзбекистон шоир сифатида танийди, — дейди унинг дўсти Райимжон Расулов. — Мен учун эса у нафақат шоир, балки энг яқин дўст, сирдош, маслаҳатдошдир ҳам. Гарчи бугун орамизда йўқ бўлсада, хаёлан у билан суҳбатлашавераман... Биз Муҳаммаджон билан илк мактабга келган кунимизоқ дўстлашиб қолганмиз, битта партада ўтирганмиз. Жуда ҳаракатчан, сергак, ҳушёр ва тиришқоқ бола бўлган. Бўш вақт топди дегунча стадионга чопарди. Футбол ўйнашни ёқтирар эди. 5-синфда ўқиб юрган кезларимиз у менга бир варақ тутқазди. «Қара, мен шеър ёздим. Уни устозга кўрсатамизми?» деб сўради. Шундай қилдик. Устозимиз машқни ўқиб чиққан, шеърнинг тартиблари, ёзилиш услублари ҳақида маслаҳат берди. «Шеър ёзиш учун жуда кўп ўқиш керак!» дея уқтирди устозимиз. Муҳаммаджон шу кундан бошлаб китобдан бошини кўтармай қўйди. Биз битта китоб ўқисак, у учта китоб ўқишга улгурар эди. Мақсади катта шоир бўлиш бўлгани боис устозлар ўгитига бутун вужуди билан амал қила бошлади. 7-синфда ўқиб юрган кезларимиз газетада илк шеъри эълон қилинди. Ватан ҳақидаги бу шеър чоп этилган газета мактабимизда қўлма-қўл бўлиб кетган эди. Шу кундан бошлаб партадошим мактабдошларимиз учун «катта шоир»га айланиб улгурганди. Мактабни тамомлагач, пойтахтга кетди, Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎЗМУ- таҳр.)нинг журналистика факультетига ҳужжат топширди. Бироқ омад унга кулиб боқмади. «Шунча билим ҳам камлик қилди, ўртоқ» дея хафа бўлган эди ўшанда менга. Бундан хабар топган устозимиз: «Муҳаммаджон, сен журналистика факультетига ҳужжат топшириб хато қилдинг. Сен шоир бўлмоқчи бўлсанг, Москвадаги жаҳон адабиёти университетида ўқишинг керак» деб қолди. Келаси йили у Москвадаги ўша олийгоҳнинг талабасига айланди.
Ҳар гал унинг шеърларини ўқиганимда болалигим ёдга тушаверади. Қишлоғимиздаги бедапояда қўй боқиб юрсак, бир куни: «Ўртоқ, римликлар ўз шаҳри билан минг марта фахрланишса ҳам, мана шу бедапоянинг ҳидини билишмайди, тўғрими?»,-деб қолди. Яна бир кун: «Нега ресторанларда ўзимизнинг тандирда ёпилган нонни учратмаймиз, а?» дея сўраган эди. У энг машҳур атирлар ҳам ялпизнинг олдида ип эшолмаслигини, дунёга ном таратган шифохоналар ҳам ариқда шалдираб оқаётган сув каби даволай олмаслигини айтганди. Қаранг, вақти келиб бу ўй ва фикрлар унинг шеърларида акс этди.
— Мен шоир билан аввалига битта университетда таҳсил олганман, — дея суҳбатга қўшилади Қовунчи қишлоғида яшовчи, Муҳаммад Юсуфнинг келини Жамилахон Тўйчиева. — Мусофир эмасмизми, Ўзбекистондан неча нафар қизлар бўлсак, барчамизнинг ҳимоячимиз эди у. Ҳар қандай вазиятда унга суяна олардик. Уни ўз акамиздек яхши кўрардик. Укаси билан турмуш қурганимдан сўнг унинг оила аъзоларига бўлган меҳридарёлигини кўрдим. Қизиқ-қизиқ одатлари бор эди. Ҳар гал Тошкентдан келса, ялангоёқ бўлиб олиб, кўчамизда оқиб ўтувчи ариққа оёғини сувга солиб ўтирар эдилар. Маҳалламиздан ўтган-кетганлар уни кўриб: Ия, шоир келиб қолибдими?» деб қўйишарди. Ўша пайтлар у қишлоқ аҳли учун оддий бир шоир эди. Шоирларда бир хислат бўлади. Келажагини олдиндан кўради улар. Муҳаммад Юсуф ҳам бир шеърида «Бироқ кўнглим сезар мендан кейин ҳам, Бу ҳовлига одам тўлади...» деб ёзган эди. Мана, бугун у туғилиб-ўсган ҳовлига ҳар куни 300-400 нафар атрофида шеърият ихлосмандлари ташриф буюришади. Меҳмонлар у яшаган хонадонни, у ўтирган сўрини, оёғини ювган ариқни томоша қиладилар. Унинг оёғи теккан ҳар бир манзилни зиёрат қилишади.
Хусусан, биз ҳам шоир улғайган маҳаллани айландик, унинг ҳовлисида, уй-музейида, таҳсил олган мактабида бўлдик, у ўтирган партада ўтирдик. Англадикки, Муҳаммад Юсуф шеърлари сатрларига сингиган ҳис-туйғуни, дард-аламни, фахр-ифтихорни ифодалаш учун, аввало, дунёга унинг кўзи билан қарашни, унинг ҳаётида яшашни, у каби севишни, у каби куйишни ўрганмоқ керак. Бироқ биз бунга қодирмизми?
Сафаримиз якунида шоир номи билан аталувчи қабристонда бўлдик. Қабристон узра гиламдай ястаниб ётган лолақизғалдоқларга боқар эканмиз, беихтиёр шоирнинг ушбу мисралари ёдга тушди:
Буни ҳаёт дерлар, унутма асло,
Бир кун очиласан, бир кун сўласан.
Қалбимдаку, фақат сен эдинг танҳо,
Қабрим устида ҳам ўзинг бўласан.
Сен бизнинг севгидан хотира – байроқ,
Лола, лолажоним, лолақизғалдоқ.
Саминжон ҲУСАНОВ, «Халқ сўзи».
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг